Мутолаа: Беғараз бўламан деб орзу қилганимда...
Ромен Гари
Фақат дийдаси қотиб қолган, бойиб кетишдек жинни истагидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ одамлар нима сабабдан менинг цивилизацияни тарк этиб, манфаатпараст дунёдан узоқроқда жойлашган Тинч океанидаги ороллардан биридаги маржон қояларда, кўк кўрфаз қўлтиғида яшашга қарор қилганимни тушунолмаса керак.
Мен беғаразликни орзу қилардим. Мен каби назокатли одамнинг ором топиши тобора қийинлашиб бораётган бу шиддатли рақобат, фойдага ташналик, виждонсизликлардан узоқлашишим кераклигини ҳис қилиб етгандим.
Ҳа, ҳамма нарсадан кўпроқ менга беғаразлик етишмасди. Эҳтимол, барча яқин дўстларим бошқалардан талаб қиладиган ягона нарса, бу хусусиятни қанчалик қадрлашимни билишса керак. Атрофи моддий, ёрдам беришга тайёр, майда ҳисоб-китобларга қодир бўлмаган, бирор-бир ишни беминнат қила оладиган, уларга самимий дўстлик билан жавоб бера олишим мумкин бўлган, худбин фикрлар муносабатларимизни бузишидан қўрқмайдиган одамлар билан ўралган бўлишини орзу қилардим.
Шундай қилиб, мен барча ишларимни тугатдим ва ёз фаслининг бошида Таитига етиб келдим.
Папеэте (Француз Полинезиясининг пойтахти) ҳафсаламни пир қилди. Шаҳар гўзал, лекин ҳамма жойда цивилизация излари кўринади, ҳамма нарсанинг ўз қиммати бор. Бу ерда ҳар қадамда “тирикчилик қилиш” иборасига дуч келасиз. Шу ерда азиз ўқувчимни айнан пул мени иложи борича узоқроққа кетишимга мажбур қилганини эслатмоқчиман.
Шунда мен харитадаги тасодифий танланган Маркиз ороллари архипелагининг ташлаб қўйилган оролларидан бири Тараторга жойлашиб олишга қарор қилдим. Кемалар у ерга йилига атиги уч марта кирар экан.
Оролга қадам ташлаб, ниҳоят орзуим амалга ошишига тайёр эканлигини англадим.
Полинезия табиати манзарасининг минг марта таърифланган гўзаллиги, уни ўз кўзинг билан кўрганингда янада ҳайратланарлилиги қирғоққа чиқишим биланоқ намоён бўлди: тоғларнинг бош айланадиган баландликларидан қирғоққа тушаётган пальма дарахтлари, маржон қоялар билан ҳимояланган лагуналар, сомон кулбаларидан ташкил топган кичик бир қишлоқнинг енгиллиги менга қараб қучоқ очиб югуриб келаётган аҳолининг бепарво табиатидан далолат берарди. Мен дарҳол бу одамларни дўстона, хушмуомала муносабат орқали дунёдаги барча нарсага мажбур қила олишимни англадим.
Мени капитализмнинг тижорат ғоялари таъсири тегмаган ва фойда олишга мутлақо бефарқ бўлган бир неча юз киши, бутун қишлоқ аҳолиси кутиб олди. Қишлоқнинг энг яхши кулбасига жойлашдим, жуда оддий ва ўта таъсирчан биродарлик муносабатлари ва ўзаро ҳурмат-иззат асосида ўзимни барча зарур нарсалар - шахсий балиқчим, шахсий боғбоним ва шахсий ошпазим билан ўраб олдим.
Буларнинг барчасига аҳолининг ҳайратланарли меҳрибонлиги ва соддалиги, шунингдек, Таратонганинг алоҳида илтифоти туфайли эришдим.
Аҳолининг ҳурматига сазовор бу эллик ёшлардаги аёлнинг исми Таратонга бўлиб, у архипелагнинг йигирмадан ортиқ оролларида яшовчи қабилалар бошлиғининг қизи эди. Мен унинг ҳурматини қозониш учун бор кучимни сарфладим. Қолаверса, бу бутунлай табиий бўлиб чиқди. Унга оролга нима учун келганимни, манфаатпарастлик руҳи ва ҳисоб-китобни қанчалик ёмон кўришимни, фидойи, содда фикрли одамлар орасида бўлишим муҳимлиги ва қанчалик хурсанд ва ундан миннатдор бўлганимни айтдим.
Таратонга мени жуда яхши тушунишини ва пул унинг халқи қалбини бузиб қўйишига йўл қўймаслик – унинг ҳаётидаги ягона мақсад эканлигини айтди. Мен ишорани қабул қилдим ва Тараторда бўлиб турган давримда чўнтагимдан бир франк ҳам чиқармасликка ваъда бердим. Ўзимга ўта нозик тарзда берилган буйруқни қатъий бажаришга киришдим ва ҳатто бор пулимни яширдим.
Шу тарзда оролда уч ой яшадим. Кунларнинг бирида бир болакай менга Таратонгадан совға олиб келди. У шахсан мен учун пиширилган ёнғоқли торт экан. Кўзим дарҳол пишириқ ўралган полотнога тушди: у менга ғира-шира таниш бир нарсани эслатган ғалати ранглар билан қопланган қоп мато эди, аввалига мен унинг нима эканлигини англай олмадим.
Матога диққат билан кўз югуртирдим ва юрагим қаттиқ ура бошлади. Ўтиришга мажбур бўлдим. Холстни тиззамга қўйиб, эҳтиёткорлик билан очдим. 50 дан 30 сантиметргача бўлган тўғри бурчакли қоп мато бўлагини қоплаган бўёқ ёриқлар билан қопланган, баъзи жойлари эса деярли бутунлай ўчиб кетган.
Бир муддат ишонқирмай расмга қарадим.
Ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Кўз олдимда Гоген (Француз рассоми ва ҳайкалтароши)нинг картинаси турарди.
Санъат билимдони эмасман, лекин шундай рассомлар борки, улар дарҳол танилади. Қалтираган қўлларим билан полотнони очдим ва ҳар бир тафсилотни синчковлик билан ўргана бошладим. Унда Таити тоғининг бир қисми ва булоқда чўмилаётганлар тасвирланган. Ранг, дизайн ва мавзу шу қадар таниш эдики, расмнинг ёмон ҳолатига қарамай, хато қилиш мумкин эмас эди.
Жуда хавотирланганимда доимо содир бўладиган ўнг томонимда кучли санчиш ҳисси пайдо бўлди.
Ташландиқ оролда Гогеннинг сурати! Таратонга унда торт ўрайди?! Расм агар Парижда сотилгудек бўлсами, беш миллион франк турган бўларди. У ўраш ва тешикларни ёпиш учун фойдаланар экан. Инсоният учун қандай катта йўқотиш!
Мен сакраб турдим-да, “торт учун раҳмат айтиш учун” Таратонга ёнига шошдим. У уйининг ёнида, лагунага қараб трубка чекиб ўтирар эди.
- Таратонга, тортингни едим, ажойиб экан. Раҳмат.
Таитилик аёл хурсанд бўлгандек туюлди.
- Бугун сенга яна бошқасини пишириб жўнатаман.
Мен оғзимни очдим, лекин ҳеч нарса дея олмадим. Бу улуғвор аёл ўзи билмай туриб, дунёдаги энг буюк даҳолардан бирининг ижодидан йиғилган ўрамлар эгаси эканлигини ҳис қилдиришга ҳаққим йўқ эди. Мен ҳаддан ташқари сезгирликдан азият чекаётганимни биламан, лекин унинг нодонлигини билдиришга йўл қўймаслигим керак. Мен Гоген расмига ўралган яна битта торт олишимдан таскин топиб, жим бўлдим.
Дўстлик бебаҳо нарса. Мен кулбамга қайтиб, кута бошладим.
Тушдан кейин Гоген расмига ўралган ҳолда яна бир торт олиб келинди. Унинг аҳволи аввалгисидан ҳам ёмонроқ эди. Кимдир уни пичоқ билан қириб ташлаганга ўхшарди. Мен Таратонганинг ёнига бормоқчи бўлдим, лекин ўзимни қўлга олдим. Ахир, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш керак. Эртаси куни мен унинг олдига бордим ва умримда унинг тортидан мазали нарса емаганимни айтдим.
У яна жилмайиб қўйди.
Кейинги саккиз кун ичида мен буюк мўйқалам картиналари билан ўралган яна учта торт олдим. Жуда ғаройиб соатларни бошдан кечирдим, руҳим эзилди – мени эгаллаб олган кучли бадиий ҳаяжонни таърифлашга бошқа сўз йўқ!
Тинчлантирувчи дориларни ичдим ва қандай қилиб Таратонга билан унинг билимсизлигини таъкидламасдан, нозикроқ гаплашиб олиш ҳақида ўйлай бошладим. Ниҳоят, очиқчасига гапиришга қарор қилдим ва дўстим Таратонга томон йўл олдим.
- Таратонга, сен менга бир нечта торт юбординг. Улар ажойиб эди. Бундан ташқари, улар бўёқ билан бўялган матога ўралган эди, бу мени жуда қизиқтирди... Ҳалиги... мен ёрқин рангларни яхши кўраман. Уларни қаердан олгансан?
- Ҳа, уларми ... бефарққина жавоб берди Таратонга. – Бобомда уларнинг бир тўдаси бор эди.
- Бир тўдаси?..
- Ҳа, бобом уларни бир пайтлар оролда яшаган француздан олган. Менда яна бир галаси қолган бўлса керак.
- Жуда кўпми? – дудуқландим.
- Оҳ! Билмайман. Ўзинг кириб кўришинг мумкин. Кетдик.
У мени қуритилган балиқ ва кокос билан тўлдирилган омборга олиб борди. Қумли полда Гогеннинг ўнлаб расмлари бор эди. Уларнинг барчаси қоп тикиладиган матода ёзилган ва жуда шикастланган, лекин баъзилари жуда яхши ҳолатда эди. Рангим оқариб кетди, оёғимда зўрға турдим. “Худойим, агар мен бу ерда бўлмаганимда инсоният учун қанчалик йўқотиш бўларди”, деб ўйладим. Уларнинг баҳоси ўттиз миллион франкка яқин...
- Агар хоҳласанг, уларни олишинг мумкин, - деди Таратонга.
Қалбимни даҳшатли шубҳалар тилка-пора қилиб ташлади. Бу ҳайратланарли инсонлар нақадар беғараз эканликларини билардим, бироқ, ичимда мустаҳкам ўрнашиб олган цивилизация қарашлари уларга ҳеч нарса таклиф қилмасдан бундай совғани қабул қилишга ботинишимга йўл бермади. Қўлимдаги ажойиб олтин соатни қатъият билан ечиб, Таратонгага бердим:
- Сенга ҳам совға қилишимга рухсат бер.
- Бизга вақтни билиш учун соат керак эмас. Қуёшга қарашимиз кифоя, - деди у.
- Таратонга, афсуски, Францияга қайтишим керак. Бутун инсоният манфаатлари шуни тақозо этади. Кема саккиз кундан кейин етиб келади, совғангни халқингиз учун бирор нарса қилишимга рухсат беришинг шарти билан қабул қиламан. Менда озгина пул бор, сизларга баъзи воситалар ва дори сотиб олиш керак бўлиши мумкин.
- Ҳа, майли, - деди у бефарқлик билан.
Мен унга етти минг франк бердим, картиналарни олдим ва хонамга югурдим. Кемани кутаётган ҳафта нотинч ўтди, нимадан хавотирдалигимни ҳам билмасдим, лекин кетишга сабрим етмасди. Шоиртабиатлар гўзалликдан ёлғиз баҳраманд бўлишни истамайди, улар бу қувончни бошқалар билан баҳам кўриши керак.
Хазинамни санъат сотувчиларига таклиф қилиш учун Францияга шошилдим. Улар суратларни юз миллион франкка сотиб олади. Кўнглимни фақат битта нарса хижолат қиларди: қийматнинг ўттиз-қирқ фоизи давлатга ўтиши керак. Бизнинг цивилизациямиз шу тарзда ҳатто энг шахсий ҳудуд, гўзаллик майдонини ҳам ёриб киради.
Таитида Францияга борадиган кемани ўн беш кун кутишим керак эди. Мен орол ва Таратонга ҳақида иложи борича камроқ гапиришга ҳаракат қилардим. Менинг жаннатимга қайсидир саноатчининг қўли тегишини истамасдим. Бироқ, мен турган меҳмонхона эгаси орол ва Таратонгани яхши билар экан.
- У жуда ғалати хоним, шундай эмасми? - деди у бир куни кечқурун.
Мен жим турдим. "Хоним" сўзини дунёдаги мен билган энг олижаноб одамга нисбатан қўллашни ҳақоратли деб ҳисобладим.
- Албатта, у сизга расмларини кўрсатган бўлса керак.
Мен қаддимни ростладим:
- Нима?...
- Худо ҳақи, у яхши чизади. Тахминан йигирма йил олдин Париждаги декоратив санъат мактабида ўқиган. Қуритилган кокос нархи тушиб кетганда, у оролга қайтиб келди. Ажойиб тарзда Гогенга тақлид қилиши туфайли Австралия билан доимий шартномаси бор, улар ҳар бир сурат учун унга йигирма минг франк тўлайди. У шу орқали кун кўради. ...Сизга нима бўлди, дўстим? Ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми?
- Йўқ,.. - ғўлдирадим мен.
Қандай қилиб ўрнимдан туриб, хонамга чиқиб, ўзимни каравотга ташлашга куч топдим, билмайман. Мени қандайдир чидаб бўлмас жирканч туйғу босиб олди. Дунё мени яна алдади. Катта пойтахтлардами, Тинч океанининг кичик оролларида, қаерда бўлмасин, энг паст ҳисоб-китоблар инсон ичини кемиришга қодир экан.
Энди одам оёғи етмаган ёлғиз оролда яшашдан бошқа иложим қолмади....
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.