Мутолаа: Марҳабо куз тонги!

Кечаги тонг бугунгисига ўхшамайди. Гўё табиат кузнинг ҳар бир куни учун ўзгача бир тонг ҳадя этгандек. Ёз бўйи бир хил тонгга ўрганган кўзлар ҳар тун ниҳоясида олдингисига ўхшамаган фусункор тонгнинг гувоҳига, тарифига тил ожиз бўлган ўзгача манзаранинг мафтункорига айланиб, гўё миллион йилда бир рўй берадиган мўъжизавий кўринишга сазовор бўлгандек. Азал-азалдан уфқларга елка тутишдан чарчамаган тоғларнинг қорамтир юзига ҳарир мато тортилгандек, улар янада хира тортган, борлиқда узоқ вақтлар кўринмай қолган туманнинг шарпаси бўлса керак, элас-элас кўзга ташланаётган ўта заиф ва симобий рангга ўхшаш номаълум бир тусдаги ҳаво оз вақт ўтиб шаффоф бўладиган умидни уйғотади кўнгилда.

Дарҳақиқат, уфқ бирдан равшанланиб, ҳаво эски булоқ сувидек тиниқлашаркан, ўз шаклига содиқ тоғларнинг таниш қиёфаси бир дам нигоҳда муҳрланади, лекин кўк юзида оҳиста судраган гавдасини муқим тутолмаган булутлар галаси осмонни тоғлар кўтариб турибди, деган гумонга борибми, қирғоққа талпинган қайиқ мисол уфққа томон суза бошлаганини кўз илғайди ва беихтиёр диққат кўкка тортилади. Чархланавериб, эни қари чолнинг ориқ бармоғидек бўлиб қолган ўроққа ўxшаш ой ҳали намоён, лекин атрофини қуршаган қаҳраборанг булутнинг авзойидан қўрқиб, жойида тош бўлиб қотганга ўхшайди. Ёнида тўлиқ сўниб улгурмаган ёлғиз бир юлдуз эса тўдасидан айрилиб қолган жайрон боласининг илтижо билан мўлтиллаб боққан митти кўзларидай жовдирайди - милтиллайди.

Хўроз қичқириғи. Узоқдан келгани аниқ, лекин қулоққа секин бўлса-да, равон чалинган бу овоз, наинки тонг сукунатининг барҳам топишига, кўкка андармон хаёлларнинг тўзғишига ҳам сабаб бўлади. “Кечикди”, ўйлайсан, кечаги кунларни ёдга олиб, “кечикди”. Илгари тонг отгунча бўлмай қичқирарди у. Тонгнинг кундан-кунга кечикиб отаётганига эринчоқ хўрознинг эрта қичқирмагани сабаб, деб ўйлайсан. Этни бироз жунжиктирган нимжон елнинг оёқ судрашини эшитиб, гўё уни излагандек, атрофга аланглайсан. Ел барглар бўйлаб одимлагандек, япроқлардан таниш овоз келади. Оҳ, ранги сарғайган бир барг бандидан узилди-ку. Елнинг вазни оғирлик қилди унга, кўтаролмади, бечора. Узлатга юз тутган баргга қўшилиб, нигоҳинг заминга тушади. Эҳ-ҳе, қанча барглар..., бир кечада... Улар устида ҳам ел вазмин қадам ташлагандек, бемадор япроқлар урушда оғир ярадор бўлиб, жон таслим қилаётган аскарлардек титраб-титраб қўяди. Нимагадир ичинг ачийди, ўксинасан, ўкинасан.

Йўқ, нотўғри ўйларга берилдинг дебми, уфқда бўй кўрсатган ёруғлик фақат унга қараган нигоҳингни эмас, хаёлингни, бутун борлиғингни чулғаб олгандек бўлади.
Елга кўникасанми, ел сенга кўникадими – этинг увишмайди. Аксинча, тану жонинг яйрагандек бўлади. Кузнинг намхуш елларими ёки тонгнинг оппоқ нурларими, англамайсан, англолмайсан, лекин ёқимли, баданингга оромбахш бир нима сингиб бораётганини ҳис этасан, кузнинг бир тонггини - бахтни туясан.

Бугун яна тонг отмай уйғондим. Олди ойнаванд қилиб беркитилган айвондан ҳовлига чиқиб, об-ҳавони кузатиш ходимларимнинг, баъзан ўзлари ҳам ишонмайдиган башорати тўғри чиққанини ўйладим. Бир неча кун ҳаво даражаси пасайганди. Кеча яна исиди. Кўйлакда чиққан бўлсам-да, баданимга салқиннинг қилча таъсир этмагани бугун ҳам ҳаво исиши кечагидан кам бўлмаслигини маълум қиларди, гўё. Бино қошига сими узун қилиб осилган чироқ билинар-билинмас оҳиста тебранади. Ундан таралган хира ёруғлик ҳовли тўридаги деворгача етиб борган. Осмоннинг оқариб келаётгани тонг уйғонганидан далолат, шунинг таъсириданми, туни билан ҳовлини қоронғуликдан ҳимоя қилган чироқнинг ҳали замон кераксиз бўлиб қолиши кўнглимдан ўтиб, беихтиёр деворга ўрнатилган ўчирғич томон юраман. Чироқ ўчиб, ҳовлини бир хил хира ойдинлик эгаллайди. Юқорига қарайман. Войишдаги узумлар эътиборимни тортади. Уларнинг нигоҳимга қадалган катта-кичик шаклини айтмаса, синчиклаб тикилиб узум доналарини пайқаш мумкин. Токдан тушган бир нечта қуриган барглар ҳамиша озода тутиладиган супада бемажол судралади. Бу эринчоқликдан ғаши келибми, қадоқ панжага ўхшаш баргларнинг суст ҳаракатига сабри чидамаган тонг эпкини уларга илдамлик киритмоқчи бўлади. Қулоққа хазонлар қадамининг кўнгил косасига маҳзунлик шаробини солгувчи паст овози чалинади. Ўзини ел етаклаганидан малоли келган баргнинг тоқати бир одим билан тугайди. Гўё у шу ҳаракатидан ҳам толиққан, мажоли йўқлиги буришган юзида қотиб қолган аччиқ қисматнинг ранги – зафарон мунгдан ҳам маълум.

Ҳовлим супаси – мен тонг билан учрашадиган жой. Шу ерда мен тонг билан юзма-юз кўришаман. Кўзим қорачиғидан беозор кириб, бутун борлиғимни эгаллаган тонг кўнглимдаги ҳаяжон ҳиссини уйғотади. Ажиб энтикиш жон-танимга ҳузур бахш этгандек, бахтни туяман.
Оқариб келаётган самода қайсар бир юлдуз кўкни тарк этмаслик сабрини синайди. Унга ҳавасим келади. Мен тонгни кўриб ҳаяжондаман, у эса тонг ичида. Йўқ, у йўқолди. Менимча ҳаяжон зўрлигидан юраги ёрилди. Қандай чиройли ўлим.

Тонг ҳавоси бир оз намиққан. Чанги булутларга артилгандек. Шундай. Акс ҳолда булутлар қораймаган бўларди.
Уфқ кўринди. Баҳор, ҳатто ёзда ҳам бошидан ечмаган қор қалпоғидан айрилган тоғлар бошини кўрсатишга иймангандек, ярим бўйигача булутларга ўранган.
Ҳовлим супасидан тонгни кузатаман. Овози чиқмаса-да, ҳар бир ишорасидан уни тушунаман. У хурсанд. Мени бахтиёр кўрганидан севинчда. Қувонгани - ухлаб, ғафлатда қолмаганим. Яшаш бахтини бирга туйганимиз, бирга сурганимиз. Тонг билан бирга бўлиш - БАХТ.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.