Нажимнинг ҳаётини сақлаб қолайлик! Ҳар бир дақиқа ғанимат!

Айни дамда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани, Зарафшон маҳалласидаги Каримовлар оиласи учун ҳар бир дақиқа ғанимат. Оиланинг тўнғич ўғли, ҳали эндигина ўттиз ёшни қарши олган Нажим Каримов уч йилдан буён буйрак қуриши хасталиги билан курашиб келмоқда.
Бугун унинг иккала буйраги ҳам қуриб қолган. Нажим Каримовни ота-онаси ҳар икки кунда гемодиализ муолажасига олиб боради. Бунинг учун камида 300-400 минг сўм сарфланади.
Айни пайтда Нажимнинг отаси ўз буйрагини ўғлига бермоқчи. Операция учун эса 50 миллион сўм маблағ жуда зарур. Қолган маблағни қариндош-уруғ баҳоли қудрат йиғиб берган. Икки қизалоқнинг отаси бўлган Нажим учун ушбу пуллар айни дамда сув ва ҳаводек керак.
Эҳтимол, бугун кўпчилик юртдошларимиз саховат тилаб ёзилган бу каби ахборотлар, постларга кўпам эътибор бермас. Кимдир “улар кўп, қайси бирига ёрдам қилиш мумкин” дейди. Яна кимдир “ростмикан ўзи, бу гапларга ишонса бўладими”, деган шубҳага боради. Аммо Каримовлар оиласи бу шубҳалардан холи. Таҳририятимиз вакиллари ушбу оиланинг аҳволини ўрганиб келишди.
Бутун оила юртдошларимизнинг саховатидан умидвор. Ёш йигитнинг оёққа туриши шундай саховатпеша ватандошларимизга бевосита боғлиқ.