Намангандаги тўйда йигирмага яқин одам заҳарланди
Наманган вилояти Чуст тумани, Ғова қишлоғида 20 сентябрь куни ўтказилган тўйда 18 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, тўйдан сўнг 18 нафар фуқаро тана ҳарорати кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, қусиш ва ич кетиш ҳолати бўйича туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Уларнинг барчаси 21 сентябрь куни туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилиб, тиббий муолажалар ўтказилган. Беморларга «Овқат ҳазм қилишнинг бузилиши» ташхиси қўйилган.
Даволанишлардан сўнг 23 сентябрь куни ушбу фуқаролардан 15 нафари соғайган ҳолатда уйларига рухсат берилган. Шифохонада қолган 3 нафар беморга ҳам 25 сентябрь куни соғлиғи тўлиқ тикланганлиги сабабли уйига рухсат берилган.
Мазкур ҳолат бўйича касаллик билан оғриб, ҳозирги кунда саломатлиги яхшиланган беморларнинг барчасини яшаш ҳудудидаги туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 49-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси тиббиёт ходимлари томонидан диспансер назоратига олиш билан бир қаторда, тўй маросимида қатнашган бошқа фуқаролар ҳам тиббий кузатувга олинган.
Ҳозирда туман ИИБ тергов бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.