Намангандан Ургутга 64 миллион сўмлик пиротехника воситалари сотиш учун олиб келган шахс қўлга олинди

Бу ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси, ИИБ ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Ургут тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида аниқланди.

Тадбир давомида 1990 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро Х.А. телеграм ижтимоий тармоғидаги “Юк маркази” номли гуруҳдан оғзаки келишув асосида “ИСУЗИ” русумли юк автомашинаси ҳайдовчисини жалб қилиб, Наманган шаҳрида жойлашган хонадондан 3 360 қути “Трения” номли ва 960 қути “Британик” номли, умумий баҳоси 64 800 000 сўм қийматдаги пиротехника воситаларини Ургут туманига олиб келган. Бу воситаларни Ургутда сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Олий маълумотли, 3 нафар фарзанднинг отаси бўлишига қарамасдан болалар ҳаётига хавф солувчи воситаларни сотган Х.А.га нисбатан ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ноқонуний, бунинг устига фарзандларимиз учун хавф туғдиришдан бошқа нарсага ярамайдиган иш билан шуғулланиб келаётган бу каби кимсалар қилмишларини яширишга қанчалик уринмасин, фош бўлмай қолмайди.