Коронавирус туфайли вафот этган онахонни яқинлари сўнгги манзилга кузата олмади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров маҳаллий телевидения орқали вилоятдаги эпидемик ҳолат ҳамда коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл ўлими ҳақида чиқиш қилди.

- Вилоятимизда коронавирусга чалинганлар сони олтитани ташкил қилмоқда, - деди афсус билан вилоят ҳокими. - Туркия давлатидан, Саудия Арабистонидан Умра ҳажини амалга ошириб келган фуқароларимизни текшириш жараёнида битта оиладан 5 киши, яна бир оиладан бир кишида - жами олти кишида ушбу касаллик аломатлари аниқланди. Энг ачинарлиси, уларнинг бир нафари - 72 ёшли онахонимиз ушбу вирус натижасида оламдан ўтдилар.
Ҳозирда аёлнинг барча қариндошлари карантинга олинган. Уларнинг биронтаси 72 яшар онахоннинг дафн маросимида иштирок эта олмади. Онахонни махсус санитария-эпидемиология назорати ходимлари дафн этишди.

"Мана сизга натижа. Биринчидан, касалликнинг юқиши, иккинчидан ўлим ҳолати, учинчидан, онахонни сўнгги манзилга унинг оила аъзолари кузатмагани. Мен ўйлайманки, бу Наманган аҳолисига жуда қаттиқ таъсир қилди. Шахсан менга бу жуда оғир ботди", деди ҳоким.

Вилоят ҳокими яна бир бор аҳолини огоҳликка чақириб, уйда ўтириб шифокорларнинг берган тавсияларига тўлиқ амал қилишни сўради.