Наманганлик депутатга боғлиқ воқелик бўйича Бош прокуратура баёнот берди
2020 йил 15 апрель куни халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Т.Муҳамадиев ўзига тегишли автомашинасида Наманган шаҳар, Янгиқўрғон кўчасида ташкил этилган блок-постга етиб келиб, шу ерда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган.
Айни ҳолатда ЖКнинг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш)да кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли Наманган шаҳар прокуратураси 2020 йил 16 апрелда Т.Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик бериш ҳақида халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашига тақдимнома киритади.
Шу куннинг ўзида мазкур тақдимномани кўриб чиққан халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши 21-06-сонли қарор билан Т.Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бериб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Кенгашнинг розилиги асосида шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ орадан уч кун ўтиб, 2020 йил 19 апрелда халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида амалдаги қонунчиликка зид равишда Кенгашнинг юқорида қайд этилган 21-06-сонли қарори бекор қилиниб, Т.Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилган.
Мазкур ҳолатни бартараф этиш мақсадида Наманган вилояти прокурори томонидан 2020 йил 21 апрелда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига шаҳар Кенгаши чиқарган қарорларни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.
Ушбу тақдимнома 2020 йил 25 апрелда вилоят Кенгашида кўриб чиқилиб, шаҳар Кенгашининг 2020 йил 16 апрелдаги 21-06-сонли карори ўзгаришсиз қолдирилди (Т.Муҳамадиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш рад этилди) ҳамда 2020 йил 19 апрелдаги қарори бекор килинди.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.