Нарпайда 18 килограмм кумушни ноқонуний сотаётганлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Нарпай туманида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбирда Навоий вилоятида яшовчи, 1980, 1983 ва 1987 йилларда туғилган 3 нафар шахс «шартли харидор»га 18 кило кумуш қимматбаҳо металл қотишмасининг ҳар бир граммини 11,7 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 21 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг тегишли хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган мазкур металлнинг соф оғирлиги 16 килограмм 744 грамм бўлиб, асиллик даражаси «999» экани аниқланган.
Шунингдек, тегишли баҳолаш хулосасига кўра, ушбу кумуш металлнинг нархи 502 млн 344 минг сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу қимматбаҳо металлнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.