Ўзлаштириш кўрсаткичи вилоятникидан баланд мактаб
Ўтган 2018-2019 ўқув йилида Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабини 79 нафар ўқувчи битирган бўлса, шундан 40 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бир йилда шунча ўқувчининг талабалар сафидан жой олиши мактаб учун фахрли, албатта. Хўш, улар бундай муваффақиятга қандай эришди?
– Мактабимиз физика, математика, кимё, биология, тарих, она тили ва адабиёт фанларига ихтисослашган, – дейди мактаб директори Зиёдулла Санаев. – Мактаб ўқувчиларининг умумтаълим фанларини ўзлаштириш кўрсаткичи сўнгги уч йилда 85 фоизни (вилоятда 80 фоиз) ташкил қилди. Шунингдек, мактабда дарслар янги педагогик технологиялар асосида олиб борилади. Бунинг натижасида ўқувчиларнинг физика фанини ўзлаштириш даражаси 77 фоиздан 88 фоизга ўсди.
Таълим масканида 57 нафар олий маълумотли, 8 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчи (7 нафари олий тоифали, 7 нафари 1-тоифали, 14 нафари 2-тоифали) 940 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бермоқда. Олий тоифали ўқитувчиларнинг 4 нафари "Халқ таълими аълочиси"дир.
Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан - Озода Тошниёзова, Малика Бекназарова, Зилола Ғофурова ўтган йилги республика фан олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаган. Ҳозирги кунда О.Тошниёзова Самарқанд давлат чет тиллари институтида, М.Бекназарова ҳамда З.Ғофурова Самарқанд давлат университетида таҳсил олмоқда.
Мактабнинг бундай ютуқларни қўлга киритишида мактаб директори Зиёдулла Санаевнинг ҳиссаси катта. Ушбу талабчан раҳбар фидойиликни, аввало ўзидан бошлаган. Шу сабабли у “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвони билан мукофотланган.
Хуршида Эрназарова.