Нарпайлик тадбиркор кам таъминланган ва бемор кишиларга 50 тонна ун тарқатди
Ҳадисларда ёзишларича, Пайғамбаримиз "Мени кўрмоқ истасанг ва мен билан суҳбатлашмоқ истасанг бева-бечорага хайру саховат қил, дардмандларнинг ҳолидан хабар ол, мен шуларнинг ёнида бўламан", деган экан. Коронавирус инфекцияси тарқалиб, дунё аҳлининг ҳаловатидан айирган ва одамлардан зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик суралаётган шу кунларда саховатли инсонларнинг хайрли амаллари одамларга хотиржамлик бағишламоқда.
Хусусан, Нарпай туманидаги "Элегант барака" оилавий корхонаси бошлиғи Жавоҳир Худойбердиев корхонанинг соф фойдаси ҳисобидан Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Қўшработ ва Иштихон туманида яшовчи кам таъминланган ва бемор кишиларга 50 тонна ун, 4,5 дона нон, 15 минг боғ исирик тарқатди.
- Саломатлигим ёмонлиги туфайли икки ойдан буён тўшакда ётибман, - дейди Нарпай тумани Халқобод маҳалласида яшовчи 78 ёшли Нина Ковалева. - "Элегант барака" оилавий корхонаси раҳбар ва ходимлари уйимга келиб, 30 кило ун ва 4 та нон бериб кетишди.
"Дўст кулфатда билинади", дейишади. Ўзига яраша синов даври бўлган шу кунларда шахсий манфаатини ўйлаб, айрим маҳсулотларни уч-тўрт баравар қимматига сотаётган айрим кимсалар ушбу корхона ишидан ибрат олса яхши бўларди.
Азим Қодиров.