Самарқанддаги кам таъминланган оилалар фарзандлари Корея Республикасида ўқиш имкониятига эга бўлади
Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли мактаб ўқувчилари учун тест синовлари ўтказилди.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон – 2030 стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан қабул қилинган Давлат дастурига мувофиқ ташкил этилди. Стратегиянинг асосий йўналишларидан бири 2026 йилгача ёшларга талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатиш орқали камбағаллик даражасини 2 баробарга камайтиришдан иборат.
Стратегияни амалга ошириш мақсадида дунёнинг турли халқаро мактаблари Ўзбекистондаги ўрта ва юқори синф ўқувчиларига хорижда ўқиш имкониятини яратмоқдалар. Жумладан, Жанубий Кореяда ташкил этилган “Gimcheon High School” мактаби бутун дунё бўйлаб замонавий малакали мутахассисларни етказиб беради. Бу ўрта мактаб камбағаллиги туфайли билим олиш салоҳияти чекланган ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари учун Корея Республикасида стипендия олиб ўқиш имкониятини тақдим этадиган гуманитар лойиҳани амалга оширмоқда.
Самарқанд халқаро технология университети Самарқанд вилоятида биринчилардан бўлиб мазкур ижтимоий лойиҳани амалга ошириш ташаббуси билан чиқди. Олийгоҳ томонидан кам таъминланган оилалар ёшларига ушбу грантни олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу йилнинг 13 май куни “Gimcheon High School” ва SIUT ўртасида 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасидаги ижтимоий лойиҳани амалга ошириш бошланишини белгиловчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Тестлар Тошкент шаҳридаги М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиали психология кафедраси профессори Б.Қодировнинг методларидан фойдаланган ҳолда АҚШ, Хитой, Корея Республикаси, Канада, Россия, Ҳиндистон, Камерун ва бошқа давлатлардан келган хорижлик SIUT профессор-ўқитувчиларининг назорати остида ўтказилди.
Мактабдаги ўзлаштириш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда 4-5 нафар ўқувчи танлаб олинади ва уларга корейс тили, инглиз тили ва математика фанларидан кўп қиррали интенсив таълим берилади. SIUT ва KITCда таҳсил олиб, аъло баҳоларга ўқиган барча ўқувчилар “Gimcheon High School”га тавсия этилади, “Gimcheon High School”га эса улар орасидан ўқиш ва ўзлаштириш натижаларига асосан фақат 3 нафари қабул қилинади.
Улар SIUT Васийлик кенгаши раисининг махсус гранти эвазига 6 ой давомида Самарқанд халқаро технология университетида корейс, инглиз ва математика тилларини бепул ўрганиш имкониятига эга бўладилар.
Танлаб олинган уч нафар ўқувчига “Gimcheon High School” томонидан стипендия берилади, уларнинг ўқиши, турар жойи, Кореяга саёҳати (Кореяга бориш чиптаси), дарсликлар билан таъминланиши кафолатланади. Шунингдек, уларга Корея мактабини тугатганларига қадар уч йил давомида яшаш харажатлари учун қўшимча молиявий ёрдамлар кўрсатилади. Мактабни тамомлаган ўқувчиларга диплом берилади, мазкур дипломга асосан улар нафақат Корея ва Ўзбекистондаги, балки дунёдаги тараққий этган давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқиш ҳуқуқини расман қўлга киритадилар.