НАТО Қора денгиз минтақасида жанговар гуруҳни жойлаштирмоқчи: Украина — Россия масаласидаги муҳокамалар давом этмоқда

Киевнинг ғарбий ҳамкорлари Украина чегаралари яқинида рус қўшинлари сони кўпайгани ва Беларус полигонларида қўшма машғулотлар бошланганидан кейин Кремлни янги муаммолардан огоҳлантирмоқда.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан бу маневрларни "зўравонлик ҳаракати" деб атади. НАТО Қора денгиз минтақасида жанговар гуруҳни жойлаштиришга қарор қилди.

Москвада эса мулоқотдан бош тортмасликларини айтишмоқда. Президент Владимир Путиннинг сўзларига кўра, АҚШ ва европалик ҳамкорлар билан музокаралар “очиқ ва ёпиқ форматда” давом этмоқда:

“Биз НАТОга, Вашингтонга ҳам жавоб тайёрлаяпмиз. Биз Франция президенти билан нафақат Киевда, балки Европа мамлакатларида ҳам, америкалик шериклар билан бир қатор маслаҳатлашувлардан сўнг қўнғироқ қилишига рози бўлдик”.

Британия Бош вазири Борис Жонсон яқин кунлар ичида Европада сўнгги ўн йилликлардаги хафвли инқироз бўлишини айтди.

Буюк Британия ҳукумати Москвага босим кучайиши ҳақида очиқ гапирмоқда. Хусусан, Россия давлати билан алоқадор ёки Украина ҳудудий яхлитлигига қарши жиноятларда иштирок этган ҳар қандай шахс ва компанияларга нисбатан кенг кўламли санкциялар бўйича тузатишлар қабул қилинди. Гап соҳавий санкциялар ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, Лондон ўз қўшинларини Шарқий Европага юборади. Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Жонсонни қабул қилар экан, минтақада НАТОнинг қўшимча кучларини жойлаштириш муҳимлиги ҳақида гапирди.