Навоий шоҳкўчаси: Аввалгиларга ўхшамас
Навоий шоҳкўчаси жуда узун бўлмаса-да (атиги, 1,4 километр) Самарқанд шаҳрининг эски кўчаларидан бири. Шаҳар марказий шифохонаси, “8 март” фабрикаси ва яна бир нечта корхоналар шу ерда жойлашган. Лекин кўчада аҳоли турар жойлари – кўп қаватли уйлар, ҳовлилар кўпроқ.
Кейинги ўн йилликда шаҳарнинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари Навоий шоҳкўчасида янги бино ва иншоотлар, уй-жойлар қад ростлади, аҳоли хонадонлари замонавийлашди. Аммо йўл кенгаймади, пиёдалар йўлаклари тартибга келтирилмади. Ноқонуний қурилмалар пайдо бўлди, йўлаклар эгаллаб олинди, ариқлар кичрайиб, кўмилиб бораверди. Катта-катта темирбетон устунларда ўрнатилган тунги ёритиш чироқлари ишдан чиқди. Йўлнинг “ямоқ” бўлмаган жойи қолмади. Бир сўз билан айтганда, Навоий шоҳкўчаси буюк аллома номига ҳам, шоҳкўча мақомига ҳам номуносиб кўринишга келганди. Бу жорий йилнинг баҳор ойларида олинган қуйидаги суратларда ҳам кўриниб турибди.
Кўчадаги ҳолатга вилоят ҳокимлиги эътибор қаратди, шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди идоралар сафарбар этилди. Кўча ва унинг атрофини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.
Дастлаб йўл четида ноқонуний, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бино ва қурилмалар олиб ташланди. Йўлнинг, икки четидаги ариқлар ва пиёдалар йўлакларининг чегараси аниқ белгилаб олинди ва қурилиш, таъмирлаш ишлари бошланди.
– Пандемия шароитида ҳам бу ерда белгиланган карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш давом этди, – дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи О.Абдуллаев. – Бошқармамиз ходимлари ва бошқа қурилиш ташкилотлари вакиллари вазифаларни ўз вақтида бажаришга интилди. Натижада қисқа вақт ичида 6300 квадрат метр пиёдалар йўлаги ташкил қилиниб, бетон қоплама ётқизилди. Кўчанинг икки тарафида 2800 погона метр дренаж тизими, 2570 квадрат метр яшил майдон ва бу майдонни суғориш учун 1000 метр суғориш тизими яратилди.
Кўчадаги эскирган тунги ёритиш ҳамда электр энергияси устунлари олиб ташланиб, ўрнига янги замонавий 63 дона устун ҳамда 200 га яқин лед чироқлар, кўчанинг тарихий номидан келиб чиққан ҳолда тунги иллюминация безаклари ўрнатилди. 1,4 километрлик йўл тўлиқ янгидан асфальт қилинди. Янги светофорлар, йўл белгилари жойлаштирилди.
Ана шу ишлардан сўнг кўчанинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Равон ва кўркам, тунда ҳам кундузгидек ёруғ. Пиёдалар аввалгидек, йўлнинг транспорт қатновига мўлжалланган қисмида эмас, махсус йўлаклардан фойдаланмоқда. Кўзлаган манзилига бехавотир бориб келяпти, эрталаб ва кечқурун сайр қилиши учун имконият яратилди.
– Навоий бобомиз номи билан аталувчи кўчада яшашимдан фахрлансам-да кейинги йилларда бу ҳудуднинг бироз эътибордан четда қолганидан куйинардим, – дейди адабиётшунос олим, Самарқанд давлат университети профессори М.Муҳиддинов. – Айниқса, транспорт воситаларининг кўпайиб, қатновнинг тиғизлигидан кўчадан ўтиб-қайтишда чўчирдик. Биз-ку бир амаллаб ўтамиз, лекин набиралар кўчага чиқса, мактабга бориб-келгунича хавотирланиб ўтирардик. Энди манзара бутунлай ўзгарди. Мана, кўчани тартибга келтирса, обод қилса, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлиги таъминланса бўлар экан. Атрофнинг ободлигидан, кўчанинг ёруғ ва кўркамлигидан баҳри дилингиз очилади. Бугун бу ободликдан Навоий бобомизнинг ҳам руҳи шод бўлса, не ажаб.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (фото).