Наврўз Кембридж университетида ҳам нишонланди
Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми билан биргаликда Кембриж университетида Наврўз байрами тантаналари кенг нишонлади ва Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган брифинг ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Байрам тадбирида Кембриж университети профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқотчилар, талабалар, шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари дипломатик корпуси вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этиди.
Брифинг давомида дипломатик ваколатхона ходимлари томонидан Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатда олиб борилаётган конституциявий ислоҳот мазмун моҳияти, ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва фаровон ривожлантиришни таъминлашга қартилган ташқи сиёсати юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Кембриж университетининг анжуманлар залида ташкил этилган байрам тадбирида икки юздан зиёд меҳмонлар иштирок этди. Кембриж университети талабалари ва Марказий Осиё ижодий жамоалари томонидан фольклор томошалар, шунингдек, миллий куй ва қўшиқлар намойиш этилди. Бундан ташқари, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ва сайёҳлик салоҳияти кўргазмаси ва миллий таомлар фестивали ўтказилди.
Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми директори Сидхарт Саксена Ўзбекистон элчихонасига университетда Наврўз байрамини кўтаринки руҳда ўтказишга бош-қош бўлганлиги учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Наврўз байрамини Марказий Осиё давлатлари томонидан «бир оила» сифатида дунёнинг барча гўшаларида нишонланиши Янги Ўзбекисоннинг энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади. «Қўшни давлатларнинг умумий тарихи, ўхшаш маданияти ва тилларини инобатга олган ҳолда, Наврўз байрамини нишонлаш кўп жиҳатдан бирлаштирувчи омил бўлиб, минтақанинг халқаро майдонда тан олинишини оширишга хизмат қилади», деди у.