Найманободдан нега чемпионлар чиқмаяпти?
Найманобод Нуробод туманининг қир-адирлари бағрида жойлашган қишлоқлардан бири. Азалдан бу қишлоқ йигитлари алпқомат, полвон бўлган. Бугунги кунда ҳам Найманободда спортсевар, айниқса, кураш билан шуғулланадиган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо улар учун замон талабларига жавоб берадиган спорт иншоотлари йўқ.
Кўклам пайтда болалар яйловларда, боғларда, сой бўйларида, хуллас, ўзларига қулай жойда курашиб кетаверади. Ёзнинг иссиқ ва қишнинг совуқ кунларида эса уларнинг спорт машғулотлари билан шуғулланишларини инобатга олиб, 2018 йилда мактаб яқинида ҳашар йўли билан кичик бир спорт зали қуриб бердик. Зарур инвентарлари бўлмагандан кейин спорт залнинг ҳам фойдаси катта бўлмас экан. Шундай бўлса-да, фарзандларимиз бор имкониятдан фойдаланиб, спорт тўгараклари машғулотларига қатнади ва вилоят миқёсида кўпгина мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.
Агар қишлоғимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун мутасаддилар томонидан замонавий шароитлар яратилса, уларга устоз-мураббийлар сифатли тўгарак машғулотлари ўтиб, тўғри йўл кўрсатса, қишлоқ ёшлари орасидан республика, ҳатто халқаро спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритадиган чемпионлар етишиб чиқишига ишонаман.
Тўлқин НИШОНОВ,
қишлоқ оқсоқоли.