Нефть маҳсулотларини талон-торож қилиб келган уюшган гуруҳ қўлга олинди
13 майдан 14 майга ўтар кечаси Андижон туманида яшовчи фуқаролар Д.Х. ва бир гуруҳ шахслар туманнинг Гулистон маҳалласида жойлашган «Абдурашид ҳосили» фермер хўжалиги ер майдонидан ўтган «Андижанпетро» МЧЖга қарашли нефть қувурларига махсус мослама ўрнатиб, кўп миқдордаги нефть маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаётган вақтида Андижон тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан ушланган. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шу билан бирга, улардан 35 дона махсус тайёрланган қопларда нефть маҳсулотлари, 30 дона бўш қоплар, темир трубага уланган махсус мослама ҳамда 8 метр ҳажмдаги целлофанлар олинган.
«Андижанпетро» МЧЖ томонидан берилган маълумотга кўра, ушбу жамиятга тегишли бўлган жами 10.500.000 сўмлик нефть маҳсулотлари талон-торож қилинган ҳамда марказий қувурга шикаст етказилиб, яроқсиз ҳолга келтирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 14 май куни юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «г» банди ва 255-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.