Нега 40 даража иссиқ бўладиган Ўзбекистонда йўловчи ташувчи автобусларга кондиционер ўрнатилмайди?
Мана, бир ҳафтадан буён Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 40-42 даража иссиқ бўляпти. Бундай пайтда кундузи автобусда юриб кўринг-а, худди ҳаммомга тушгандек бўласиз. Ҳарорат юқорилиги ва ҳаво етишмаслигидан нафас олиб бўлмайди. Касалманд одамлар жазирамада автобусга чиқса борми, тоби қочиб қолиши аниқ.
Самарқанд шаҳар кўчаларидаги автобуслар ўзимизда ишлаб чиқилган. Нега бизда автобус ишлаб чиқарилаётган пайтда иқлим шароити ҳисобга олинмайди? Ҳар йили ёзда Ўзбекистонда 40 даража иссиқ кузатилади. Буни оддий фуқаролар ҳам билади. Соҳа мутахассислари автобус ишлаб чиқариш ҳақида лойиҳа тайёрлаётганда иқлим шароитини ҳисобга олиб, кондиционер ўрнатиши мумкин-ку.
Чет элларда жамоат транспортлар иссиқда совуқ, совуқда иссиқ берувчи кондиционерлар билан ишлайди. Одамлар об-ҳаво ноқулайликларни биздагига қараганда камроқ ҳис қилишади.
Бизда кондиционернинг тагида ўтирган масъуллар автобусга чиқмаслиги аниқ. Аммо оддий халқ қачонгача ёзу қишда йўловчи транспортларидан азият чекади? Ушбу муаммонинг ечимини топадиган бирор ташкилот борми?
Хуршида Эрназарова.