“Нега ҳомиладорларга ёки унинг қариндошлари қўлига дори-дармон рўйхати ёзиб берилмоқда?”: Соғлиқни сақлаш вазири туғруқҳоналардаги вазиятни кескин танқид қилди
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ўтказган йиғилишда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасидаги муҳим масалалар муҳокама этилган. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
«Давлатимиз томонидан дори-дармон ва сарфлов материаллари учун етарли миқдорда маблағ ажратилаётган бир пайтда нега ҳомиладорларга ёки унинг қариндошлари қўлига дори-дармон рўйхати ёзиб берилмоқда, деб ўзимизга савол беришимиз керак. Туғуруқ комплекси раҳбарининг ўзи коррупциянинг тепасида бўлса, ҳаммани бир кўзда кўрмаса, таниш-билишчилик қилса, унда нима бўлади, муассасада носоғлом муҳит шаклланиб, жамоа парокандаликка учрайди. Аксарият муассасалар фаолияти юзасидан келиб чиққан шикоятларнинг негизида шу омилларни кўряпмиз», деган вазир ўз нутқида.
Шунингдек, мулоқотда туғуруқларнинг аксарияти "кесарча кесиш" орқали амалга оширилаётгани, бу операцияларни айрим муассасаларда фақат бир мутахассис ўтказиб, бошқа ёш ва маҳоратли шифокорларга имконият берилмаслиги, бунга эса муассаса раҳбарининг аралашуви сабаб бўлаётгани кескин танқид қилинган.
Видеомулоқотда кўтарилган яна бир муҳим йўналиш — тиббиётнинг барча соҳалари ходимлари учун зарур бўлган этика-деонтология масалалари бўлди. Бемор мурожаат қилиб келганда “сени нотўғри даволабди, хато операция қилибди, энди мен тўғрилайман” деган носоғлом қараш билан курашиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтилган.
Жумладан, беморлар ва уларнинг қариндошлари билан мулоқот қилишда халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган “фронт-офис” тушунчаси ҳақида сўз юритилган.
Яъни, бунда муассасанинг регистратура ва қабул бўлимлари ходимлари учун коммуникатив стандартлар, бемор ҳолатининг ёмонлашуви ёки яқинларининг норозилигига сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишда амал қилиш лозим бўлган меъёрлар ҳақида маълумот берилди.
Йиғилиш якунида фаолияти бўйича кўп эътироз келиб тушаётган муассасалар раҳбарлари, камчиликка йўл қўйган масъуллар қатъий огоҳлантирилган.