❓Нега коронавирусдан даволангандан кейин ҳам ПЗР тест мусбат натижа кўрсатади?
Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Раъно Қосимова жавоб берди:
«Одатда кўпгина беморларда коронавирус касаллигининг 10-14 кунидан кейин бурун ва халқумдан олинган (ПЗР) тест манфий натижа кўрсатади. Лекин айрим пайтларда мазкур тест натижаси мусбат бўлиши ҳам мумкин. Яъни, баъзида шундай беморлар бўладики, бу ҳолат уларда бир, ҳатто икки ойгача ҳам давом этиши мумкин.
Агар бемор коронавирусдан даволангандан кейин ўзини бутунлай соғлом ҳис этса-ю, бироқ унда (ПЗР) тестдан сўнг COVID-19 вируси аниқланса, бу инсонда вируснинг қолдиқлари борлиги ва жуда кам миқдорда эканини билдиради.
Шундай бўлса-да, бундай инсонлар ён-атрофидагилар саломатлигига жиддий хавф туғдирмайди. Яъни, бу пайтда беморнинг бурни ва ҳалқумида COVID-19 вируси юкламаси кам миқдорда бўлиб, одамларга юқмайди.
Полимераза занжир реакцияси (ПЗР) вируснинг РНКсини аниқлаб берувчи тест ҳисобланиб, жуда юқори натижа кўрсатади. Ушбу тест нафақат тирик, балки организмдаги ўлик вирусларни ҳам аниқлай олади.