Нега директорлик ўринлари бўш?

Янги тартибга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари мактаб директорларини танлаш жараёнини Директорлар кенгаши ҳал қилади.

Тўғрироғи, Директорлар кенгашининг суҳбатидан ўтган номзод Кенгаш тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан мактаб директорлиги лавозимига тайинланади. Бундай тартиб Республика Президентининг 2023 йил 26 майда “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг “Умумий ўрта таълим муассасалари Директорлар кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган. 

Вакант директор лавозимига менежерлик сертификатига эга номзодлар ҳужжат топшира олади. Масаланинг яна бир нозик томони, менежерлик сертификатига эга номзодларнинг ҳаммаси ҳам суҳбатдан ўта олмайди. Бўлажак директордан билим, тажриба ва раҳбарлик қобилияти талаб этилади.

Факт ва рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2025 йилда Самарқанд вилояти Директорлар кенгаши томонидан 97 нафар номзод суҳбатдан ўтган ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан директорликка тайинланган. Шунингдек, айрим номзодлар Кенгаш суҳбатидан ўта олмаган.

Тўғри, менежерлик сертификатини олиш осон эмас. Аммо сертификатга эга бўлдим дегани, директор бўлдим, дегани эмас. Раҳбарликнинг ҳам ўзига яраша бурч ва вазифалари бор. Баъзида суҳбат жараёнида бўлажак директор катта ишларни бажаришни ваъда беради. Айримлари сўзининг устидан чиқади, айримлари аксинча. Масалан, янги тайинланган директорлардан Тойлоқ туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби директори Нодиржон Меликов, Ургут туманидаги 156-умумий ўрта таълим мактаби директори Азамат Ваҳобовларни намуна сифатида келтирсак бўлади. Уларнинг фаолияти Кенгаш томонидан аъло баҳоланди. Аммо, баъзи директорларнинг фаолиятида хато ва камчиликлар кўплиги ҳам кузатилмоқда. Ҳали раҳбарлик тажрибаси кам, етарли малакага эга бўлмаган мактаб директорларига маслаҳатлар бериляпти.

Бизни ўйлантираётган муаммо вакант директорлик ўринларидир. Шаҳар жойларда муаммо йўқ, аммо олис қишлоқ жойларда айрим мактабларда директорлик вазифаси вакант бўлиб турибди. Бу муаммонинг олдини олиш учун кўп йиллик педагог сифатида менда бир таклиф бор. Ҳар бир мактаб директори менежерлик сертификати мавжуд икки нафар захира тайёрлаши керак. Масалан, ўқув ишлари бўйича ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари менежерлик сертификати олса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шу ўринда Директорлар кенгашининг фаолиятига ҳам бироз тўхталсак. Кенгаш нафақат директорларни суҳбатдан ўтказади, балки уларга бошқа вазифалар ҳам юкланган. Масалан, Кенгаш янги тайинланган директорларнинг 2 йилгача шахсий ривожланиш режасини кузатиб боради ва мактаб маъмурияти (директор ва ўринбосарлар) учун ҳар чоракда камида бир марта ўқув семинар-тренинглар ўтказади. Мактаб бошқарувида соғлом муҳитни таъминлаш мақсадида педагоглар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказиб, ўрганишлар олиб боради.

Бугунги кунда вилоят Директорлар кенгашида 9 нафар аъзо меҳнат қилмоқда. Улар жамоатчилик назорати асосида фаолият олиб боради. Кенгаш аъзолари вилоятдаги энг намунали, ташаббускор, маҳоратли директорлар ичидан саралаб олинган. Масалан, ўзим раҳбарлик қилаётган Тойлоқ туманидаги 26-умумтаълим мактаби ҳар соҳада етакчи бўлиб, ўқувчиларнинг олий таълимга кириши ва бир қатор кўрсаткичлари бўйича туманда биринчи ўринда, вилоятда ҳам бир неча йилдан бери етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Мактаб педагогларининг 60 фоизга яқини олий ва 1-тоифали ўқитувчилар бўлиб, бундан ташқари, 30 фоиз ўқитувчида халқаро ва миллий сертификатлар мавжуд. Келгусида бу кўрсаткични янада кўтаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу эса ўз-ўзидан таълим сифати ва самарадорлигининг ошишига замин яратади.

Юлдуз Абдураҳмонова,

Самарқанд вилояти директорлар кенгаши аъзоси, география фанлари номзоди.