Нетаняхунинг уйи олдида исроилликлар чодирлар қуришди

Ғазо секторида гаровга олинган исроилликларнинг яқинлари Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг Қуддусдаги уйи олдида палаткалар қуриб, Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати билан маҳбусларни озод қилиш бўйича зудлик билан келишувга эришишни талаб қилди.

Бу ҳақда The Times of Israel газетаси хабар берган.

Унинг маълумотларига кўра, Нетаняху истиқомат қиладиган Қуддуснинг Ғазо кўчасига чодирлар ўрнатишдан олдин кичик митинг ўтган, унда асосий талаб ҲАМАС билан гаровдагиларни озод қилиш бўйича зудлик билан келишув тузиш бўлган. Чодирлар ёнида маҳбусларнинг тезроқ уйларига қайтишларини талаб қилувчи баннерлар ўрнатилган.

"Биз болаларимизни ҲАМАСга нафратимиздан кўра кўпроқ яхши кўрамиз", дейилади плакатлардан бирида.

Намойишчилар “Бош вазир гаровга олинганларни қайтариш бўйича келишувга рози бўлмагунча” ўз чодирларида қолиш ниятида.