"Неварамга китоб олиб бераман"
"Нуроний" жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлинмаси бундан ярим йил аввал бошлаган "Неварамга китоб олиб бераман" ҳаракати анча оммалашиб қолди.
Ҳар гал шаҳарда яшовчи нуронийлар шанба кунлари "Самарқанд китоб олами" дўконига невараларини олиб келишади. Биргаликда китоб расталарини кўздан кечириш баробарида ўқиш учун асар танлашади, китоблар мазмуни юзасидан болалар ҳам, катталар ҳам суҳбат қуришади.
Муҳими китоб танлаш ва уни мутолаа қилиш завқидан хурсанд бўлганларни кўриб ҳавасинг келади. Чунки китобга ошно бу болалар келгусида жамиятнинг фаол зиёлиси бўлишига шубҳа йўқ.
- Бу ҳаракатга маҳалла оқсоқоллари ёрдамида ҳамма касб эгаларини жалб этаяпмиз, - дейди жамғарма шаҳар бўлими раҳбари Хуршид Нуруллаев. - Насиб этса, келаси ҳафтада мактаблар тил ва адабиёт фани ўқитувчиларини таклиф қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг болаларни китоб ўқишга, илм олишга даъватининг самара бераётгани бу ерга ташриф буюраётганларнинг иштиёқу кайфиятидан ҳам билса бўлади. Қани эди, ҳар бир туманда, ҳар бир маҳаллада бу ҳаракатни йўлга қўя олсак.
Суратларда Нурафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Қудратов Орзиқул бобо ва Дўстмуродова Кибриё оналар невараси билан китоб мутолаа қилаяпти.