"Нима қилиш керак?": Китоб ўқиш аҳамияти ва ўқимаслик оқибати ҳақда мулоҳазалар

Пайғамбар тоққа бормаса  тоғ пайғамбарнинг олдига боради, деган гап бор. Самарқанд шаҳрида “Китоб олами” савдо мажмуаси учун жуда катта жой ажратилди. Хўш, катта китоб дўкони пайдо бўлса, ҳамма унга югуриб борадиган бўлдими? Йўқ. Чунки китоб кўпчиликнинг назарида шундай қадрсиз нарса бўлиб қолдики, уни олиш учун ҳеч ким атай шаҳарга бормайди. Нима қилиш керак?

Демак китобни одамларнинг олдига олиб бориш керак. Шунда одамлар китоб оладиган бўлишадими? Йўқ, бирдан китоб оладиган бўлишмайди. Лекин бироз китобга яқин бўлишади. Кўзларига китоб тушадиган бўлишади. Кўзга тушдими, ўнтасидан биттаси китобни қўлига олиб кўради. Қўлига китоб олган киши албатта бошқа бир кишининг назарига тушади. Одамзоднинг хусусияти шундай: кимдир нимадир қилса унинг ҳам шундай қилгиси келади. Яъни бир киши китоб ушлаганини кўриб, унда ҳам китобни қўлга олиб кўриш истаги пайдо бўлади. Қарабсизки, китобга қизиққан яна бир киши кўпайди. Бу бошланиши ва уни ривожлантириш учун бу ишни давом эттириш керак.

Аслида бу вазифани бажариш ота-онанинг бурчи. Балки ота-оналар бу вазифани амалга оширяпти деб айтарсиз. Бундай эмас. Акс ҳолда биз умуман бошқача яшаётган бўлардик, ҳеч бўлмаса японлар каби. Ҳақиқатда эса биз ҳали ривожланган мамлакатлар рўйхатида ҳам йўқмиз.

Боланинг китоб ўқимаганига ота-онанинг айблашдан олдин бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Ота-оналар болаларига китоб ўқи демаганларига сабаб, уларнинг онгларида китоб ўқишга нисбатан қўрқув бор. Ана шу ҳадикни ўлдирмай туриб, китобхонликни тиклаб бўлмайди. Хўш, бу қўрқув қачон пайдо бўлган ва ким пайдо қилган? Бунинг тарихи узун.

Бизнинг ўтмиш авлод улуғ алломалар бўлгани ҳаммага маълум. Ал Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, имом ал Бухорий ва бошқа жаҳонга машҳур олимлар шу заминда яшаганини биламиз. Баъзан ёшларнинг биз уларга муносиб фарзанд бўламиз деган ҳайқириқларини эшитаман ва сизлар уларга муносиб фарзанд бўлолмайсизлар деб айтаман. Гапимдан ҳайрон бўлишади. Шунда уларга қандай китоблар ўқиганлари ҳақида савол бераман. Жавоб беролмай, каловланиб қолишади. Чунки болаларимиз кўп китоб ўқимайди. Сабаби, фарзандига ўрнак бўлиши керак бўлган ота-онаси китоб ўқимайди. Ота-онасининг ота-онаси ҳам китоб ўқимаган. Чунки бобоси китоб ўқигани учун қамалган, узоқларга сургун қилинган. Кимнинг уйидан китоб чиқса, қатағон қилинган. Одамлар ўқиш эмас, уйда китоб сақлашдан қўрқиб қолишган. Қанча-қанча нодир китоблар ёқиб юборилган, дарёга оқизилган. Айримлар бу иш гуноҳ эканини билиб, девор ораларига, токчаларга китобларни теришиб, устидан суваб ташлашган. Эски иморатлар бузилганда девор орасига яширилган китоблар чиққани шундан ва бу ҳақда кўпчилигимиз эшитганмиз. Ана ўша қўрқув ҳали ҳам қонимизда бор, лекин буни ўзимиз сезмаймиз.

Ўша замонларда нега китоб ўқиш ман этилган. Чунки китоб ўқиган одам фикрлайдиган бўлади. Фикрлайдиган одам мулоҳаза қиладиган бўлади. Атрофга қараб, нега ўзгалар бошқача-ю, биз бошқача яшаяпмиз, деб мулоҳаза қиладиган бўлади. Одамлар шундай хаёлларга боришмаслиги учун СССР деган катта ҳудуд кўринмас девор билан ўраб олинганди. Ёшу қари фақат КПСС чиқарган китобларни ўқиши керак эди. Ҳаёт ёмон бўлса ҳам, мияда бу яхши ҳаёт деган тушунча пайдо бўлиши керак эди ва узоқ йиллар шундай бўлди ҳам. Одамлар ёлғонга ишониб қолишди, ёлғонга ўрганишди. Ўзлари ҳам алдайдиган бўлишди. Ернинг ярмини шудгор қилиб тўлиқ шудгор қилинди деб маълумот беришди. Планни ярмини бажармасдан, мажбуриятни ҳам уддаладик деб рапорт беришди. Ҳамма нарсада ёлғоннинг аралашгани оғир оқибатларга олиб келишини ҳеч ким ўйламади. Ўшанда охир-оқибат мамлакат нимага гирофтор бўлгани барчага маълум.

Энди китоб масаласида ҳаммасини қайтадан бошлаш керак. Шундай қилмаса бўлмайди. Чунки ҳали ҳам одамларни ёлғондан қайтара олмаяпмиз. Сабаби эса ҳамон китоб ўқимасликда. Агар китоб ўқиганда ота-она боласини олий ўқув юртига қандай киритишни эмас, унинг мактабда қандай ўқиши билан қизиқарди. Лекин уларни фарзандлари қандай ўқиётгани қизиқтирадими? Буни синаш учун уларни синф йиғилишига чақириб кўрингчи, неча ота ёки она келаркан.

Болага китоб ўқитиш учун унда эҳтиёж пайдо қилиш керак. Бундан эҳтиёжни пайдо қилиш унчалик қийин эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Бир неча йил олдин Президент китоб ўқиган бола “Спарк” минади деб айтди ва “Энг яхши ёш китобхон” кўрик танлови ташкил этилиб, ғолиб чиққан бола ҳақиқатан машина билан тақдирланди. Ҳозир бундай танловлар кўп. Аслида бу ҳам ғолибни аниқлаш учунмас, балки китоб ўқишни тарғиб қилиш учун. Хуллас, юқоридаги танлов орқали болаларда китоб ўқиса машина олиш мумкин экан деган тушунча пайдо бўлди. Лекин китоб ўқиган бола ҳақиқатдан ҳам машина минадиган бўлади. Сабаби, китоб ўқиган бола ақлли, билимли, дунёқараши кенг, ишни кўзини биладиган одам бўлиб вояга етади. Бундай одам эса ҳеч қачон хор бўлмайди, бошқа юртларга, фарзандларидан олисда сарсон бўлмайди.

Битта-иккита ўқимишли одам билан жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Бизда ҳатто китобхонлик борасида бир неча йил олдин қабул қилинган Президент фармони бор. Тегишли ҳужжатларда танловлар ўтказиш топшириғи берилган. “Энг яхши ёш китобхон” танлови давом этиб келмоқда. Лекин қабул қилинган ҳужжатга асосан “Энг китобхон оила”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон мактаб” деган танловлар ҳам ўтказилиши керак эди. Булар қаерлардадир ўтказилди, қаерларда эса йўқ. Бу тадбир номига ўтказилган жойлар ҳам йўқ эмас. Бундай ташаббуслар давом этиши керак.

Биз фарзандларимизнинг бахтли яшашини истаймиз. Агар шу истагимиз амалга ошсин десак, уларнинг китоб ўқишини йўлга қўйишимиз лозим бўлади. Ота-она ишдан келиб, уни-буни қилдингми дейишдан олдин, китобингни ўқидингми деган саволни берсин. Унга китоб сотиб олиб берсин, китоб ўқишга шароит яратиб берсин. Ёнида ўтириб ўзи ҳам китоб ўқисин. Шунда унинг фарзанди ўзи истагандек бахтли бўлади. Акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.