Ногирон, аммо маҳсулот тайёрлаётган кишиларни ким қўллайди, уларга ким кўмак беради?

Таҳририятимизга ногиронлиги бўлган, аммо уйида турли кийим-кечак, маиший маҳсулотлар тайёрлаётган шахслар шикоят хати билан келди. Тинглаб, уларнинг ҳасрати бежиз эмаслигига амин бўлдик.

Гап шундаки, кейинги йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотларнинг савдо ярмаркасини ташкил этиш мақсадида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилиб келинган.

2020 йилнинг март ойидан бошланган пандемия туфайли бу тадбир ўтказилмай қолди. Оқибатда гарчи ногирон бўлса-да уйида маиший ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаб, жамиятга озми-кўпми фойда келтиришни, қолаверса, шу орқали рўзғорини уддалашни амалга ошираётган кишиларнинг аҳволи ёмонлашди, тайёрлаган нарсаларини сотишнинг имконияти чекланди.

Буни давлатимиз вақтида англади ва Коронавирусга қарши курашиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 августдаги йиғилиш баёнига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадларини пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида “Мадад” ННТ ва Ўзбекистон “Ногиронлар” жамиятига 160 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада ушбу маблағ ва ҳомийлик ҳисобидан уларнинг маҳсулотларини сотиш учун 6 та ҳудуд - Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм ва вилоятимиз марказларида енгил конструкцияли савдо дўконлари қурилди.

Аммо қурилиш билан иш битмади. Яъни, қолган бешта вилоятда енгил конструкцияли савдо ўринлари қурилиб, уларга жой ажратилди. Минг афсуски, бизда бу пайсалга солиняпти. Гарчи енгил конструкцияли дўкон олиб келинган бўлса-да, аммо шаҳар ҳокимлиги уни ўрнатишга жой излаяпти.

- Ўтган йилни қўйинг, шу йилнинг 5 ойи ўтди, аммо тайёрлаётган турли хилдаги буюм, маҳсулотларимизни реализация қилишда жуда қийналяпмиз, - дейишди улар. - Майли, гавжум бозорларда бўлсин демаймиз, аммо Самарқанд шаҳрида вақтинча савдо қилиш учун жойлар бор-ку. Қолаверса, енгил конструкцияли савдо шохобчаси бўлгач, уни йиғиштириб олиш, кўчириш машаққатли иш эмас. Масъуллар шундай жойларда савдо ўрни ташкил қилиб беришса, маҳсулотларимизни сотишни йўлга қўярдик.