Ноҳақлик қурбонлари. Давлат арбоби фожиаси

Ўқув юртида таълим олаётганимда "советларга қарши ўнг троцкийчи блок" устидан ўтказилаётган суд жараёни бўлаётган жойга йўлим тушиб қолди. Судланаётган, Н.И.Бухарин, А.И.Рилов бошчилик қилган бу блок 21 кишидан иборат бўлиб, улар орасида Ўзбекистоннинг етакчи раҳбарлари А.Икромов ва Ф.Хўжаев ҳам бор эдилар.

Суд жараёни катта союзлар уйининг колонна залида 1938 йил 3 мартдан бошлаб бўлаётган эди. Суд очиқ бўлаётгани учун унга ҳамма кириши мумкин эди. Вақтим бор эди, мен ҳам кирдим.

Судда СССР прокурори А.Я.Вишинский ўз ёрдамчилари билан, ўртада СССР Олий суди ҳарбий коллегияси раиси В.В.Ульрих ўтиришар эди. Судланувчилар орасида А.Икромов ва Ф.Хўжаевни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен улар билан таниш бўлмасам-да ҳурмат қилишга ўрганган эдим.

Судга кириб борганимда суд аъзолари Ф.Хўжаевга савол берди. Савол унинг айбланувчи А.И.Рилов билан танишлиги эди.

Мен судга кириш учун рухсатнома олган эдим. Орадан кун ўтиб, ана шу судга яна рухсатнома олдим. Бу судда А.Икромовнинг охирги сўзларини эшитиш бахтига муяссар бўлгандим.

У суд олдида қалтирамасдан, асабийлашмасдан гапирарди: "Мен кўп хато ва камчиликларга йўл қўйдим, аммо ҳеч қачон халқнинг, партиянинг, ўртоқ Сталиннинг душмани бўлмаганман. Партия учун куч-ғайратимни аямасдан меҳнат қилдим. Ҳаётим сақланиб қолинса, ўзимнинг софлигимни ва Ватанга садоқатимни меҳнатим билан кўрсатаман ва исботлайман".

Кейин Бухарин ва Ф.Хўжаев гапирди. Судланувчиларнинг сўзлари тинглангач, суд ҳайъати маслаҳатлашиш учун ичкарига кириб кетди. Мен шу вақтда чиқиб кетдим. Эртасига газетада эълон қилинишича, 13 март тонг саҳар соат 4.30 да суд мажлисида суд раиси Ульрих ҳукмни ўқиган. 17 киши, яъни Бухарин, Рилов, А.Икромов, Ф.Хўжаев ва бошқалар отиб ўлдиришга, 3 киши турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Битта айбланувчи ўша жойда жон берган".

Аслида айбланувчиларни Марказий Комитет таркибидан чиқариш, партия сафидан ўчириш, ишларини тергов идораларига ошириш назарда тутилган эди. Ҳужжатларга комиссия аъзоларининг ҳаммаси имзо чеккан. Аммо комиссия раиси А.Микоян "Қамоққа олинсин, суд қилинсин, отиб ўлдирилсин" деб ёзиб имзо чек¬маганида 21 нафар бегуноҳ инсонлар тақдири фожиа билан тугамасмиди.

Тайёрловчи: Файзулла ИСМОИЛОВ,

тарих-география фани ўқитувчиси,

Жомбой тумани.