Ноқонуний қурилишлар Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий кўринишига соя солади
Вилоят ҳокимлигида Самарқанд шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда уй-жой фондини бошқариш, сақлаш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилиши ҳамда фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Э.Турдимов олиб борган йиғилишда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳлари томонидан Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларни сақлаш ва бошқариш, ободонлаштириш ишлари юзасидан олиб борилган ўрганишлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими шаҳардаги тўртта сектор раҳбарларининг ҳудудларда бажарган ишларидан қониқмаётгани, шаҳарнинг тарихий обидалари жойлашган қисмида тадбиркорлик субъектларининг уй-жойларни қуришда ҳануз ўзбошимчалик қилаётгани хусусида танқидий фикрларни билдирди.
- Шаҳримизнинг қадимий гўзаллигини, шакл-шамойилини сақлаб қолишимиз керак, - деди вилоят ҳокими. – Аммо унинг чиройига кўланка солаётган, қурилиш-архитектура талабларини бузаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Мазкур ҳудудларда яшаб келаётган айрим ҳамшаҳарларимизнинг бино ва иншоотларини ноқонуний тарзда, 2-3 қават қилиб қураётганлиги ҳам қадим обидаларга зарар етказмоқда. Ўрганишлар жараёнида аниқландики, соҳа мутасаддилари ўз ҳудудларида нечта ноқонуний уй-жой ва тадбиркорлик субъектлари қурилаётганидан хабари йўқ. Улар ҳудуддаги фуқароларнинг ноқонуний тарзда оқава (канализация), ирригация тизимлари, электр энергияси ва табиий газ тармоқларини тортиб олганликлари ҳақида маълумотга эга эмас.
Вилоят ҳокими юқорида таъкидланган мазкур масалалар, шунингдек, ширкатлар томонидан бажарилган хизматлар учун аҳолидан ундирилиши лозим бўлган мажбурий тўловлар йиғими бўйича ҳам мутасаддиларга вазифа ва топшириқлар берди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.