Нотариатга ёш чегараси белгиланганми?

Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида”ги қонуни 2-моддасида «Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин» дейилган.

Бундан нотариус 65 ёшгача шу соҳада ишлаши мумкин, деган хулоса келиб чиқадими?

Очиғи, бу касбда 20 йилдан ортиқ ишлаган тажрибали нотариус «мени 65 ёшга тўлганим учун ишдан бўшатишяпти, ёрдам беринг, раҳбарларимга қонундаги модда ишдан бўшатишга асос эмаслигини тушунтира олмаяпман» деган мурожаатидан сўнг мен ҳам ушбу саволга рўбарў келдим.

Айрим давлатларда нотариуснинг неча ёшгача ишлаши кўрсатилмаган. Россияда эса бу меъёр 75 ёш қилиб белгиланган. Бизда адлия тизимида нотариуснинг ишга кириш ёши учун белгиланган норма унинг ишдан бўшатилиши учун ҳам қўлланиляпти.

Назаримда, биз ҳам нотариуснинг малакаси, ишчанлиги, тажрибасини ҳисобга олиб, унинг ушбу вазифада ишлаш ёшини узайтириш, бу ҳақда қонунда аниқ норма белгилашимиз лозим.

Адлия вазирлиги айни пайтда мамлакатда жуда пухта ва керакли қонунлар ишлаб чиқишда фаол бўлган бир пайтда бу ҳақда ўйлаб кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди. Фармон Тошев.