«Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» ғолиблари қандай сараланади?

- Ҳозирда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини овоз бериш орқали амалга ошириш белгиланмоқда. Бунда ҳар бир маҳалла бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами шакллантирилади. Овоз бериш тартибидан ҳам хабардормиз. Лекин, айтинг-чи, ғолиб маҳаллаларни саралаб олиш қандай бўлади? Энг кўп овоз олган ташаббуслар ғолиб деб топиладими?

Сайдулла Бекмирзаев,

Нуробод тумани.

Саволга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъул ходими Жамшид Назарбоев жавоб берди:

- Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан, ғолиб маҳаллаларни аниқлаш овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда қуйидаги усуллардан бири орқали:

  • лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб;
  • аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади. Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда, тенг овоз тўплаган маҳаллалардан энг юқори кўрсаткични биринчи бўлиб қайд этгани ғолиб деб топилади.

Лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлардан тегишли лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонининг 50 фоизидан юқори овоз тўплаганлари амалга оширилади. Бунда фуқаролар овоз бериш жараёнида лойиҳалар тўплами таркибидаги ҳақиқатда маҳалла учун реал муаммо бўлган тадбирларни танлаши лозим. Етарлича овоз тўплай олмаган ва ғолиб деб топилмаган маҳаллалар бўйича шакллантирилган лойиҳалар тўплами «архив» мақомига ўтказилади. Улар маҳалла раислари томонидан келгуси жараёнларда қайтадан овоз бериш жараёнига тикланиши мумкин.

Тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағнинг дастлабки миқдори тегишлилигига кўра тармоқ корхоналари хулосаси асосида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади.

Тўпламнинг дастлабки қийматидан келиб чиқиб, тадбирлар доирасида амалга ошириладиган ишлар (товар, хизматлар) ҳажмини камайтиришга йўл қўйилмайди.

Агар тадбирларнинг дастлабки қийматига нисбатан лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра якуний қиймати кўпроқни ташкил этса, мазкур ҳолатларда қўшимча маблағ тегишли лойиҳалар тўплами таркибидаги бошқа тадбирлардан иқтисод қилинган маблағлар ёки жамғармадаги мавжуд маблағлар ҳисобидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига асосан, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.