Одам савдосидан жабрланган вояга етмаганлар қандай идентификация қилинади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида қабул қилинган Низомга кўра, вояга етмаган шахсларни одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган вояга етмаган шахслар сифатида идентификация қилинганда, уларнинг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда кўрсатилган ҳуқуқлари амалга оширилиши учун Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия хабардор қилинади.
Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган вояга етмаган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтиришда вояга етмаган шахсларнинг уй-жойи хавфсизлиги, дахлсизлиги, хат-хабарлари сир тутилиши, эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилиниши ҳамда таржимон, педагог ёки психолог, шу билан бирга қонуний вакилнинг иштироки таъминланади.
Шунингдек, одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган вояга етмаган шахслар ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчилар қарамоғидан маҳрум бўлган бўлса ёки ўз оиласининг қаердалигини билмаса, дастлабки идентификацияни амалга оширган мутахассис бошқа ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда вояга етмаган шахслар оиласини қидириш ёки уларга васийлик ёки ҳомийлик белгилаш чораларини кўради. Вояга етмаган шахсларни дастлабки идентификация қилиш учун ушбу жараён улар билан махсус жиҳозланган хонада, қайд этишнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда, ота-онаси ёки қонуний вакили, ҳомийлик ҳамда васийлик органининг вакили ва психолог иштирокида суҳбат ўтказиш орқали амалга оширилади.
Азамат Нарзиқулов,
Самарқанд вилоят молия бош бошқармаси бош юрисконсульти.