Одамларни 645 миллион сўмга чув туширган “ҳокимнинг онаси, опаси” қўлга олинди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида ўзини “ҳокимнинг онасиман, опасиман” деб одамларни 645 миллион сўмга “ухлатган” аёл қўлга олинди, деб хабар бермоқда Хўжайли тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, М.Т. муқаддам 5 маротаба фирибгарлик жиноятларини содир этиб, судланганига қарамасдан, 2018 йил декабрдан 2019 йил августга қадар фуқаро С.Ж. билан танишиб, ўзини “Хўжайли тумани ҳокимининг опасиман. Барча муаммоларингизни ўзим ҳал қиламан, ер олиб бераман ҳамда Нукус шаҳри Марказий бозоридаги бузилган 9 та дўконингизнинг пулларини ундириб бераман” деб, алдов йўли билан унинг ишончига кириб, жами 645 миллион сўм нақд пулни қўлга киритган ва шу кунга қадар қайтариб бермай келган.

М.Т. мобил телефони орқали ўз овозини ўзгартириб гаплашган. Яъни, “ҳокимнинг онасиман, опасиман” деган хийла-найранглари билан одамларни алдаган.

Ҳозирги вақтда Хўжайли тумани ИИБ терговчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Т. тегишли тартибда қамоққа олинган.