Одамларни бошқараётган оҳанглар ёхуд томошабин қачон ихтисослашади?

Эрта тонгда кўзимизни майин мусиқа садолари остида очамиз, «будильник» жиринглайди. Нонушта ҳам сокин мусиқа билан мазалироқ туюлади. Қўл телефонида мусиқа, машинада мусиқа, ҳордиқ чиқариш учун мусиқа, тўю томошалар, байрамларку, усиз ўтмайди. Маданий ҳаётимизнинг ажралмас бу унсурида катта куч ва имконият мужассам - инсонлар тафаккурига таъсир қилиш имконияти

Айни мавзуда мулоҳаза юритишимизга туртки бўлган айрим ҳолатлар ҳақида: мени вилоятимиздаги мактаблардан бирининг телеграм гуруҳига қўшишди. Унда ўқувчи-ёшларнинг маданий тадбирлардаги чиқишлари жойлаштирилар экан. Кузатдим, хорижий тилдаги қўшиқлар ижроси ва рақслар ҳам бисёр. Бироқ бир ўқувчининг ўзга тилда айтган қўшиғи ҳеч бирқолипга тўғри келмасди. Тилни билмайдиганлар учун ёқимли оҳанг. Аммо мазмуни... Эътирозимдан сўнг гуруҳдан «сургун» қилиндим. Ҳеч ким, ҳатто ўқитувчилар ҳам «Бу тўғри айтяпти, ёш бола аёлнинг қомати ҳақида қўшиқ айтмайди-ку», демади.

Бу-ку, дунёнинг «кир» ишларидан бехабар ёшлар экан, яқин-яқингача айрим эсини таниган одамларимиз ҳам машинасида англиялик «машҳур» хонанданинг ноодатий шаҳвоний ҳирсларни мадҳ этувчи қўшиғини баландлатиб эшитиб юргани ёлғонми? Унинг фонида ­видео монтаж қилиб, кулгига қолган блогерлар-чи? Кимларни, нималарни мадҳ этяпмиз ўзи?

Номи ўзбекча, эшитилиши...

Миллийликни қадрлайдиганларга «замондан ортдақолган», деган тамғани босамиз. Мустабид тузумдан эсдалик қараш, барча миллий қадриятларимизни эскилик сарқитига чиқарган ғоя таъсири бу. Афсуски, ундан ҳалигача қутулганимиз йўқ. Ёмон бўлса ҳам четники бўлсин, деймиз. Имкони бўлса, уст-бош Туркияники, қўл телефони Американики, соат Швейцарияники бўлиши керак. Ошни уйда ҳам еса бўлади, кўчага чиқсак, болаларга КФС, питса, хот-дог олиб берамиз. Зарарли бўлса, нима қилибди. Адибимиз Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асаридаги «Хўрозқанд хорижники деса, ётиб ялайди», деган кинояли ибора бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Бу гап фақат моддиятга тааллуқли эмас. «Оммавий маданият» ва у орқали сингдирилаётган мафкура «хўрозқанд»ларнинг энг хавфлиси ҳисобланади. Санъат эса уни бизга ўраб-чирмаб, иштаҳани очадиган шаклда етказаётган қуролга айланган. Ўз-ўзимизга қарши ишлаётган қурол.

- Илгари бадиий кенгаш бўлар эди, - дейдиЎзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими раҳбари Одил Рустамов. – Санъаткорлар томонидан тайёрланган ҳар қандай «маҳсулот» аввал унда таҳлил қилиниб, рухсат берилсагина, оммага чиқариларди. Балки халқимизнинг ўлмас асарлари яралишига шу«тегирмон» сабабчи бўлгандир. Бугун назорат деярли йўқ. Истаган инсон ўзини санъаткор, деб эълон қиляпти ва «маҳсулот»ини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатяпти. Назорат ҳақида гап очсангиз, «цензурачи», «эски тузум тарафдори»га чиқаришади. Ўзларига қўйиб берсангиз, бузуқликни ҳам замонавийлик, деб атайди. Хонандаларимиз айтаётган қўшиқларни эшитяпсизми? Ярми хориждан кўчирилган, қолган ярми тутуриқсиз. Дард йўқ, мазмун йўқ шеърларида.

Ижтимоий тармоқда «ўзбек хит қўшиқлари», дея қидирув бериб, биринчи веб-сайтга кирдик. Рўйхатда «Куёв бўлиш маззада», «Кайф-кайф», «Совға қил», «Юрагим онангни уйимас», «Маликам», «Қизил кўйлак» деган номларни ўқидик. Иккинчи, учинчи веб-сайтда ҳам шунга ўхшаш эстрада қўшиқлари «топ»га чиққан. Бари севги ва айрилиқ, кайфу сафо, маиший икир-чикирлар ҳақида.

Шулардан бирининг матнига қаранг:

Қизил кўйлагим сен учун эмас,

Узун сочларим, сен учун эмас.

Ёзган шеърларинг ўзингникимас,

Сенинг севгинг ҳам мен учун эмас.

Сенга берган саволимга жавоб бермайсан,

Ҳеч бўлмаса, телеграмдан ёзиб қўймайсан...

Бу нима дегани? Кишини тафаккурга ундайдиган, руҳиятни озиқлантирадиган кучли қўшиқлар қани? Номигина ўзбекча, аммо эшитилиши ажнабий бўлган бундай қўшиқларга олинаётган клипларни-ку таърифлашга ҳожат йўқ.

Мавзу доирасида одамларнинг фикрларини ўрганар эканмиз, уларнинг орасида талаб бўлмаса, таклиф бўлмайди, деганлар ҳам бўлди. Бу иқтисодиётда тўғридир, бироқ маданият борасида бошқача бўлишикерак назаримизда. Сабаби, инсон хато қилишга мойил. Кўнгилга қўйиб берсак, нималарни тусамайди? Агар маданият босилган лайкларга қараб ранг олаверса, энгжирканч ижод намуналари «топ»га чиқиши шубҳасиз. Ишонмасангиз, ижтимоий тармоқда тажриба ўтказибкўринг, «Одамларни бошқараётган оҳанглар» ёки«Хиёнаткор келин тақдири», қай бир сарлавҳали мақола ёки видео кўпроқ кўрилади деб ўйлайсиз? Натижа олдиндан аниқ. Шундай экан, маданият, хусусан, мусиқа санъати ҳам, аввало, одамларнинг манфаатига хизмат қилиши керак. Санъат томошабинга ихтисослашиши эмас, балки томошабинни ихтисослаштириши лозим.

“Welcome” ёки «Добро пожаловать»

Аҳолисининг асосий қисми ўзбек, давлат тили ўзбек тили бўлган мамлакатнинг чекка бир қишлоғида очилган дўкон пештоқида ҳам «Welcome» ёки «Добро пожаловать» деган ёзувни кўриш мумкин. Бу ғалати эмасми? “Open”, “Close”, «Открыто», «Закрыто» шулар жумласидан. Бунга эътибор ҳам бермаймиз, шундайми? Сабаби, бизнинг тафаккуримиз шу тилдаги маданиятга тўйинган. Ва бу тўйиниш аста-секинлик билан, йиллар давомида ортиб бормоқда.

Гарвард университети профессори Жозеф Най ўзининг «Юмшоқ куч» асарида «оммавий маданият»нинг сиёсий таъсири ҳақида тўхталар экан, америкалик тарихчи, шоир ва фольклоршунос Карл Сендбургнинг 1961 йилдаги нутқидан иқтибос келтиради. Унда шундай дейилган: «Голливуд Гарварддан устунми? Жавоб қуйидагича: Гарвард каби бенуқсон эмас, лекин шунга қарамай аҳамиятлироқ». Бу маданият ҳар қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, хоҳ у ижобий бўладими ёки тескари, ўз харидорини топиши ва бу маълум бир сиёсий кучларнинг манфаатига хизмат қилишини англатади. Муаллиф буни «юмшоқ куч», деб атайди. Унинг асосий воситалари эса кино, санъат, адабиёт, илм-фан ҳамда ахборот ҳисобланади.

Айни фикр фақат Америкага тааллуқли эмас. Бугунги геосиёсий маконда мафкуравий таъсир объектлари ҳаддан зиёд кўп. Мисол учун, туркча сериаллар ишқибозлари Истанбулда, замонавий киноларни хуш кўрувчилар Европада, рус қўшиқлари ихлосмандлари Москвада яшашни орзу қилади. Томошабин ҳатто уларнинг тилини билмаслиги ҳам мумкин, аммо қалб яқинлигини сезади. Оқибатда улар ўша кучнинг ҳар қандай сиёсатига кўз юмади, ғояларини қўллаб-қувватлайди. Маданиятимиздаги бу бўшлиқни тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар тўлдиради ва биз уларнинг манфаатига хизмат қиламиз.

Маънавий таҳдидга қарши курашадиган «армия»миз борми?

Бу шундай таҳдидки, уни куч билан енгиб бўлмайди. Унинг учун чегаралар йўқ ва истаймизми-йўқми, у билан доимий мулоқотда бўламиз. Хўш, унга қарши қандай курашиш мумкин, дерсиз? Албатта, ўз қуроли билан – маданият орқали. Фақат уни ҳам тўғри қўллаш масаласи бор. Бунда энг катта масъулият маҳаллий ижод аҳли ҳамда маданиятнинг ҳар бир маҳалла, хонадонга кириб боришини таъминлайдиган маданият ходимлари зиммасида қолмоқда.

Айни масалада Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муҳим фикрлар билдирилган эди. Унда масъуллар олдига «Ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми?»,  «Ёшларимизнинг тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?», деган долзарб саволлар қўйилди. Юртбошимиз “Агар биз бу ёруғ дунёда «ўзбек», «ўзбекистонлик», «Ўзбекистон» деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт”, дея таъкидлади. Яқин келажакдаги вазифалар, мақсадлар аниқ қилиб белгиланди. Энди уларни тўғри ижро қилиш қолди.

- Вилоятимизда 80 та маданият маркази, 32 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 4 та давлат театри, 29 та бадиий жамоа фаолият юритади, - дейди вилоят маданият бошқармаси маданий фаолиятни ривожлантириш ва халқ ижодиёти шуъбаси мудири Валижон Умаров. – Улар Самарқанднинг бугунги маданий қиёфасини яратади. Албатта, тегишли режалар тузилган, ҳар бир ходимга маҳалла ва ташкилотлар бириктирилган. Лекин ишни ташкил этиш механизми оқсаяпти. Мисол учун, ўтган йили вилоятимизда турли даражадаги 1500 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларга тайёргарлик кўриш учун жалб қилинган ходимлар, техника ва меҳнат кўламини тасаввур қила оласизми? Беш дақиқалик саҳна кўринишининг ўзида ўнлаб ижодкорнинг машаққатли меҳнати бор. Бу йил ҳам вилоятимиз катта тадбирларга мезбонлик қилиши кутилмоқда. Ижодкорларнинг рағбати ҳам меҳнатига мос бўлиши керак. Юклама ва рағбатнинг номутаносиблиги ортидан соҳада кадрлар қўнимсизлиги юзага келган. Олий маълумотли мутахассислар ишни ташлаб, бошқа, даромадлироқ соҳаларга ўтиб кетяпти.

Ишониш қийин, аммо бугун маданият маркази ходимининг ойлик маоши юртимиздаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига яқин экан. Бу маълумотдан кейин уларга «Нега маҳаллаларга чиқиб, савияли тадбир ўтказмаяпсиз?», деган саволни бериш ноқулай. Озгина иқтидори намоён бўлган қўшиқчининг тўйлардан ортмай қолиши сабаби ҳам шунда. Улар оила боқиши керак. Бунинг учун эса пул берувчи, яъни одамларнинг истагидан келиб чиқиб ижод қилинади. Бу истак бизни қаерга етаклаши ҳақида юқорида айтдик.

- Биз ўзимизга юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Булунғур тумани маданият маркази раҳбари Бобомурод Рўзиев. – Белгиланган режа асосида маҳаллаларда маданий тадбирлар ўтказиляпти. Аммо аксарият маҳаллаларда бунинг учун етарли шароит йўқ. Бу бир муаммо бўлса, иккинчиси малакали кадрлар етишмаслиги. Маош кам, қолаверса, маданий тадбирларни ўтказиш хизматлари пуллик қилингани билан кўп ҳолларда текинга ишлаяпмиз. Яхши мутахассислар вилоят маркази ёки Тошкентга кетиб қоляпти.

Туманда ишлаётган 65 нафар маданият ходимидан бор-йўғи 5 нафари олий ва 5 нафари ўрта-махсус маълумотга эга экан. Қолганлари мактабни тугатган. Кадрлар етишмайди, борлари ҳам мутахассис эмас. Бу вилоятимиздаги энг намунали маданият марказларидан биридаги вазият. Ҳолбуки, маданият марказлари тўғрисидаги намунавий низомнинг 5-бандида туманлар ва шаҳарлар марказларининг ҳар бирида биттадан марказий маданият марказлари, қишлоқ ва шаҳарчаларда аҳоли сони 7 минг нафар ва ундан ортиқ бўлганда, марказлар ташкил этиш белгиланган. Аҳоли сони ортиб бораётган бўлса, нега тизим кенгайиш ўрнига торайиб, «ҳолсиз»ланиб боряпти?

Пуллик хизматлар масаласида. «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасида маданият марказлари оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш, юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномаларга кўра, ижтимоий-маданий бўш вақтни ташкил этиш соҳасида пулли хизматлар кўрсатиши белгиланган. Яъни, вазирлик томонидан тасдиқланган айрим тадбирлардан ташқари, барча тадбирлар, хоҳ уни ҳокимлик ташкил қилсин, хоҳ хусусий ташкилот, хизматлар пуллик бўлиши керак. Бу маблағ ўз навбатида соҳани ривожлантириш, тадбирга жалб қилинган ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади. Айни муаммо фақат Булунғур туманига тааллуқли эмас. Мисол учун, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими ўтган йили 150 та маданий тадбир ўтказган бўлса, шундан бор-йўғи 17 тасига пул тўланган. Нима, қонун ишламайдими? Маданият ходимлари ниманинг ҳисобига фаолият юритади? Маданий террорга қарши биринчи сафда туриб жанг қилиши керак бўлган «аскар»ларни «оч» қолдиришнинг оқибати нима бўлади?

Афсуски, биз фақат оқибатлар билан курашиб яшаяпмиз. Унинг таҳлили ва мулоҳаза асосида иш юритишга ўрганмаганмиз. Ваҳоланки, қаршимизда турган кучлар келгуси 10 йиллик учун ҳам режа тузиб қўйгани аниқ. Президентимиз «Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак», деганда балки шуни назарда тутгандир?

Ёшларга миллий чолғуни ўрганиш нега керак?

- Миллий маданиятимиз жуда бой, уни четлаб ўтиб, хориж санъатидан илҳом олишимиз катта хато, - дейди хонанда Валижон Эрматов. – Бунинг оқибатида қўшиқларимизнинг савияси тушиб бормоқда. Аксарият ижодкорлар бугун фақат тўй-томоша, «дискотека»ларга мослаб қўшиқ яратяпти. Тўғри, бундай саёз ашулаларнинг умри қисқа бўлади, бироқ шу давр авлодининг тафаккурида қандай муҳрланишини ўйлаб кўриш керак. Бу билан замонавий ижро усулларидан фойдаланмаслик керак, демоқчи эмасман. Миллийлик ва замонавийлик ўртасидаги мувозанатни топишимиз лозим. Шахсан мен фольклоримизни эстрада йўналишида ижро этиш устида ишлаяпман. Албатта, бу йўлда кўп меҳнат қилиш, изланиш керак. Айримларга ўхшаб, тезда машҳур бўлиб кетмасмиз. Аммо якуний натижа ўзини оқлайди.

Суҳбатдошимиздан «Бугунги ёшларни маданий террордан қандай ҳимоя қилиш мумкин?», деб сўрадик.

- Хоразмда бўлганимда ҳар бир хонадонда тор борлиги эътиборимни тортди, - дейди В.Эрматов. – У ерда оддий инсон ҳам тор чертиб, у ёки бу мураккабликдаги миллий қўшиқни куйлаб бериши мумкин. Табиийки, ёш авлод буни кўриб, миллий оҳанглар сеҳрини қалбига жойлаб улғаймоқда. Шу боис хоразмча қўшиқларни хоразмликлардан зиёда қилиб ижро этиш қийин. Улар куйни юракдан ҳис қилади. Биз ҳам ёшларга болалигидан фольклор ва миллий санъатимизнинг бошқа йўналишларини ўргатиб боришимиз керак.

Мазкур тажриба Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам ўз аксини топган. Унда, хусусан, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилиши ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари (шаҳодатнома)га тегишли қайд киритилиши белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ, мусиқа фани ўқитувчиларининг миллий чолғулардан камида биттасини, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасини чала олиш маҳоратига эга бўлиши мажбурий ҳисобланади.

Агар бу ҳужжат лозим шаклда ишлаганида, балки суҳбатдошимиз айтган фикрлар амалга ошарди. Аммо унинг ижросига қизиқиб кўрганимизда, аксини кўрдик. Биринчидан, мактабларда мусиқа дарси ҳамон ҳафтасига бир соат ўтиляпти. Бу 30 нафар ўқувчиси бор синфда ҳар бир бола чолғу асбобини чалиб кўриши учун ҳафтада ўртача 1,5 минут берилади дегани. Ўқитувчи тўгарак ташкил қилиши ҳам мумкин, лекин ҳозирги замонда бутун синф унда қатнашади, деб айта оламизми? Табиийки, шаҳодатномага тегишли қайдни киритиш масаласи ҳам кечикмоқда. Қарорда эса муддатлар аниқ қилиб белгиланган.

Мавзуга қанча чуқурлашсак, муаммонинг илдизи ҳам шунча чуқурлашиб, йўғонлашиб бормоқда. Энг қизиғи, уларнинг айримларига ўз вақтида ечимлар ишлаб чиқилган, қарорлар қабул қилинган, бироқ амалий иш кутилганидек эмас.

«Дўппи» феномени

Албатта, маданиятни фақат ҳужжат ва қонунлар билан тартибга солиш қийин. Бу мураккаб жараёнда ижтимоий фикрни йўналтириш, инсонлар кайфияти ва истакларини инобатга олиш ҳам муҳим. Бу ҳақда гап кетганда, бир қизиқ феноменга эътиборингизни қаратишни лозим топдик.

Биласиз, миллий дўппимиз маълум бир даврда фақат жанозаларда кийиладиган бош кийим бўлиб қолди. Бошқа вақт уни фақат ёши улуғ инсонларда кўрар эдик. Бу тўғрида кўп фикрлар билдирилди, кўрсатувлар тайёрланди, катта-катта мақолалар ёзилди. Фойдаси кам бўлди. Лекин эл назарига тушган инсонлар саҳнага дўппи кийиб чиққан эди, у яна «мода»га қайтди. Ҳозир ундан IT-мутахассислари ҳам миллий логотипларни ясашда фойдаланишмоқда. Демак, бугунги тарғибот сўзда эмас, амалда кўрсатилса, яхшироқ натижа беряпти. Маданий таҳдидларга қарши курашда ҳам шундай усул керак. Яъни, биз кино, санъат, адабиёт, илм-фан ва ахборот маконида ўз брендимизни яратишимиз, уни ривожлантириб боришимиз лозим.

Яна бир масала. Унча узоқ бўлмаган ўтмишда маҳалла-ю қишлоқларнинг гузари ёки кўчаларида турли сайиллар ўтказилгани, миллий спорт ўйинлари бўйича беллашувлар ташкил этилгани эсингиздами? Унда дастурхон уйларда пиширилган таомлар, кўпчилик бўлиб тайёрланган сумалак ва ош билан тўлдириларди. Инсонларни яқинлаштирган, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаган бундай тадбирлар нега бугун ўтказилмаяпти? Қандай тўсиқ бор? Қўшнилари бир-бирини танимайдиган, ёшлари компьютердан бош кўтармайдиган жамият бўламизми биз ҳам? Назаримизда, халққа байрамларни қайтариш керак. Ва бу жараёнга маҳалла фаоллари, турли даражадаги раҳбарлар бош бўлиши лозим. Халқимизнинг маънавияти учун қайғурмасак, буни бошқалар қилади, қиляпти ҳам.

Асқар Баротов.