Одамларнинг оммавий ғойиб бўлиш сирига олимлар ҳануз жавоб топа олмаяпти

Кундалик янгиликларда биз Ер юзининг қайсидир нуқтасида бирор бир кишининг изсиз йўқолиб қолгани ҳақида эшитиб турамиз. Бундай ҳолатлар кўпинча жиноий фаолиятлар билан боғланса-да, ҳозирги замонда деярли ҳар бир киши ўзи билан геолокация технологияларини олиб юриши ва мобил қурилмалар орқали қутқарув хизматларини чақира олиши боис ер юзида адашиб қолиш қийин.

Бироқ, бундай технологиялар мавжуд бўлмаган ўтган асрдаги одамларнинг оммавий ғойиб бўлган ҳолатлари илм-фан учун шу кунгача сир бўлиб қолмоқда.

Шимолий Розуэлл

1930 йилнинг аёзли ноябрь оқшомида канадалик овчи Жозеф Лабелль кейинчалик "Шимолий Розуэлл" деб аталган даҳшатли бир ҳолатга дуч келди. Ангикуни кўли бўйидаги кичик бир қишлоқ овчида ўчмас таассурот қолдирди: дастурхонларида ҳали совимаган ва емай қолдирилган таом қолдиқлари бўлган қишлоқ аҳолиси, туб жойли инуитларнинг барчаси бир зумда ғойиб бўлиб қолган эди.

Жозеф қишлоқдаги ҳар бир кулбани кўздан кечирди ва барча буюмлар ҳамда озиқ-овқат захиралари намунали тартибда жойлаштириб қўйилганлигининг гувоҳи бўлди. Шунингдек, у қишлоқ яқинидаги қабристонда очилган эски қабрларни ҳам топди. Лаббель шошилинч равишда энг яқин телеграф станциясига йўл олди ва Канада полициясига ушбу "арвоҳ қишлоқ" ҳақида хабар берди. Бедарак йўқолган инуитларнинг ҳеч қандай изи топилмади. Ўша пайтда қишлоқда тахминан 200 киши истиқомат қилган, ушбу ҳодиса сири эса қарийб бир асрдан бери очилмай қолмоқда.

Галлиполи жумбоғи 

1915 йилнинг август ойида, Биринчи жаҳон урушидаги Дарданелл (Буюк Британия ва Франция томонидан Усмонлилар империясига қарши амалга оширилган йирик денгиз-қуруқлик десантоперациясининг Галлиполи юриши пайтида Норфолк полкининг бутун бир батальони изсиз ғойиб бўлди. Гарчи бу ҳодисани ҳарбий ҳийла-найранг билан изоҳлаш мумкин бўлса-да, батальон гувоҳлар кўз ўнгида гўёки ҳавога сингиб кетгандек йўқолди-қолди. Худди шу пайтда фронт чизиғида Янги Зеландия аскарларидан иборат рота жойлашган эди, узоқ ўлкадан келган бу аскарлар Норфолк батальони аскарлари турк позицияларига ҳужум қилишга ҳозирланаётган бир пайтда ерга қуюқ булутлар тушганини тасдиқлашди.

Батальон дадиллик билан булутлар ичига кириб борди, туман тарқалгач, ҳужум жойида ҳеч ким қолмаган эди. Норфолк полкининг барча 267 нафар аскари шу кунга қадар бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда. Буюк Британия ушбу ҳодисани текширишга бир неча бор уриниб кўрди ва ҳатто ёрдам сўраб Туркия расмийларига мурожаат қилди. Ҳеч қандай из топилмагач, бу уринишлар самарасиз якунланди.

Стоунхендж устидаги бўрон

1971 йилнинг август ойида бир гуруҳ шижоатли ёш ҳиппилар вақтни чоғ ўтказиш учун Стоунхендж харобалари томон йўл олишди. Муқобил маданият вакиллари бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган ушбу масканнинг қоқ марказида чодирлар тикиб, гулханлар ёқишди. Улар ўзлари билан гитара, тақиқланган чекиш аралашмалари ва турли ичимликлар олиб келишганди, лекин тунги соат 2 лар атрофида кучли момақалдироқ уларнинг ҳордиғини бузди.

Кейинроқ икки гувоҳ - маҳаллий фермер ва у чақирган полиция ходими чақмоқ тўғридан-тўғри Стоунхенджга ургани ҳақида гувоҳлик беришди. Тошли ҳалқа шундай кучли кўк нур билан ёришиб кетдики, кузатувчилар кўзларини тўсишга мажбур бўлишди. Бир неча сония давомида ҳиппиларнинг бақириқлари эшитилиб турганди, лекин полиция мегалитга яқинлашганида, у ерда таклиф этилмаган меҳмонларнинг ҳеч қандай изи топилмади. Гуруҳдан қолган ягона нарса — тутаб ётган чодир қозиқлари ва сўнаётган гулхан кули бўлди.

"Тўсатдан олов алангаси Стоунхенджни ғайритабиий кўк чироқ билан ёритиб юборди. Биз эътиборимизни тортган қадимий тошлар томон қарадик, ўша пайтда бу тошлар бизга жуда даҳшатли туюлди." - Гувоҳлар сўзларидан.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.