Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд вилояти биринчи
Самарқанд шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида оғир атлетика бўйича 2002 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Республикамизнинг барча вилоятларидан 210 нафар спортчи иштирок этган мусобақаларда умумжамоа ҳисобида вилоятимиз полвонлари биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Наманган ва Тошкент вилояти терма жамоалари кейинги совринли ўринларни қўлга киритишди.
Қизлар ўртасидаги беллашувларда Навоий вилоятининг ёш спортчиларига тенг келадигани топилмади. Қашқадарёлик ва хоразмлик қизлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Чемпионатда қизларимиз медаль ололмаган бўлса-да, ўғил болалар ўртасида Т.Юсупов, О.Нафасов, Ҳ.Олимов, З.Хусанов каби ўсмирларимиз ўз вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлишди.
Баскетбол
Ургут туманида ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтди.
Шиддатли ўтган баҳсларда Самарқанд шаҳридаги 1- сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, жомбойлик ёш баскетболчилар иккинчи, Ургут туманидаги 36-сон умумтаълим мактаби спортчилари эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритишди.
Қизлар ўртасидаги беллашувларда эса Жомбой туманидаги 46-сон ҳамда 43-сон умумтаълим мактабларининг спортчилари биринчи ва иккинчи ўринларни, каттақўрғонлик ёш баскетболчилар учинчи ўрин эгаллашди.
Бекзод АҲМЕДОВ.