Оила – қўш устунли айвон

Бугунги аёл қандай нафас оляпти? Унинг ўй-хаёллари, мақсад ва режалари нималардан иборат? Жамият аёлдан нима кутаяпти-ю аёлнинг жамиятдан қандай илинжлари бор?

 Хотин-қизларнинг таълим олишидаги имтиёзлар, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида кўп гапириляпти. Шу тадбирларнинг барчаси оиланинг хотиржамлиги, оиладаги бир бутунликни сақлаш учун етарли бўляптими? Шу ва оила аталмиш муқаддас қўрғонга тегишли масалалар ҳақида вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова билан суҳбатлашдик.

- Давлатлар турли мақомга эга бўлиши, турли жамиятлар шаклланиши ва ривожланиши мумкин, аммо оила институти механизми бутун дунёда бир хил ишлайди, назаримда, – дейди З.Саидова. - Оиладаги тотувлик, фарзандлар туғилиши ва уларни тарбиялашда эр-хотиннинг бирдай иштироки бугун ҳар қачонгидан кўра муҳим шартлардан биридир. Тотувликнинг эса қатор ўзига хос мезонлари мавжуд бўлиб, шу масалада жамиятнинг эътибор ва имтиёзлари муҳим аҳамият касб этади. Аввало, оилада тотувликни таъминлашда эр-хотиннинг ишли бўлиши, яъни рўзғорини уддалай олиши лозим. Оила аъзоларининг саломатлиги, касб билан таъминланиши учун шароитлар, таълим олиш каби масалалар ушбу эътиборнинг бир кўринишидир.

- Касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга барча шароитлари мавжуд оилалар эътиборга муҳтож эмасдир. Аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳолда рўзғор юкини торта олмаётган оилалар аҳволи нима бўлди?

Бу масалада бир неча йилдан бери амалиётда қўлланилаётган “Аёллар дафтари” кўмакка муҳтож хотин-қизлар учун ўзига хос манзилли ёрдам платформасига айланди. Айтиш жоизки, мазкур “дафтар”га фақат боқувчисини йўқотган аёлларни эмас, балки қийин вазиятга тушиб қолган ҳар қандай оила бекасини киритиш орқали ва улар белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

Ўтган йили шундай аёлларнинг 104 034 нафарига ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 38 минг 758 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 2994 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизларнинг 2540 нафарига тикувчилик йўналишида 29 миллиард 334 миллион сўм, 83 нафарига ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш учун 1 миллирад 95 миллион сўм, 325 нафар хотин-қизларга бошқа йўналишлар бўйича 4 миллиард 192 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд 28 минг 632 нафар хотин-қизга 12 миллиард 502 миллион сўм маблағ берилди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 159 нафар хотин-қизнинг уй-жойини таъмирлаш учун 839 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд 89 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди.

- Оилалардаги хотиржамлик бугун фақатгина моддийликка бориб тақалмаётгани кўриниб қолди. Бундай нотинчликлар илдизи нималарга бориб тақаляпти, сизнинг назарингизда?

- Албатта, уйдаги жанжалларнинг аксарига моддиятлик сабаб бўлаётгани йўқ. Хорижга кетиб, оиласига қайтмаётганлар ёки турли ҳо-ю ҳавасларни деб бир-бири билан тортишаётган қудалар, қандайдир жиҳозлар, ҳашамат учун ёшлар ажралишга сабабчи бўлаётган катталар ҳам, афсуски, кўп.

Юқорида таъкидлаганимдай, инсоният яратилгандан бери оиладан улуғроқ маконни кашф этмаган бўлса, оиланинг маънавий устуни бўлмиш китобдан юксакрок ихтиро ҳам йўқ. Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари, мана, бир неча йилдан бери китобхонликни тарғиб қилиш юзасидан йирик миқёсдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ёш китобхонлар, китобхон оила, китобхон она танловлари мунтазам ўтказилмоқда. Китоб ўқиган оила аъзоларида майда-чуйда гаплар, ҳашаматга муккасидан кетиш барибир камроқ учрайди, буни тан олиш керак.

Айниқса, кейинги йилларда хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларига киришдаги имтиёзлар китобхонлик анжуманларининг узвий давоми бўлди, десам адашмаган бўламан.

Қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили 150 нафар хотин-қизнинг бир йиллик тўлов шартнома пуллари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Шунингдек, “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида” ги қарор асосида 2024 йилда 358 нафар хотин-қизга тавсияномалар берилди.

Бу каби имтиёзлар, қолаверса, олий таълим муассасалари сони ортиши ҳисобига олий таълимда ўқийдиган талабалар орасида хотин-қизлар улуши 2023 йилда 49 фоиз, 2024 йилда  50 фоизга етди. Ушбу кўрсаткичлар бундан беш йил аввалгидан икки баравар кўп.

- Бу масаланинг бир томони...

- Тўғри, бу чоралар қайсидир маънода яқин келажак учун қўйилган қадамлар. Аммо бугун, айни чоғда муаммолари бор оилалар билан ишлашнинг ўзига хос тизимлари мавжуд. Оиладаги муаммоларнинг олдини олишдан аввал ёш оилаларга бу муқаддас даргоҳнинг қадриятлари, илми ҳақда тушунча бериш лозим.

Қизларни эрта турмушга узатиш ва эрта туғруқ билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш, соҳалари масъуллари билан ҳамкорликда ўрганишлар ўтказилиб, 32 та эрта никоҳнинг олди олинди. Ажрим ёқасидаги 1567 та оила билан манзилли ишлар олиб борилиб, 1384 оила яраштирилди.

- Афсуски, кейинги йилларда таҳдид ва зўравонликка учраётган хотин-қизлар, ўз жонига қасд қилаётган ёки аксинча, ўзлари жиноятчилик кўчасига кириб қолаётган хотин-қизлар ҳам кўпаймоқда...

- Мамлакатимиз раҳбари томонидан айнан шу масала бўйича яқинда масъулларга қатор вазифалар белгилаб берилди. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳудудларда ички ишлар бўлимларининг хотин-қизлар билан ишлайдиган инспекторлари, маҳалла еттилиги ҳамкорлигида жамоатчилик билан муаммолари бор хонадонларга кириб, уларнинг нотинчлиги сабаблари ўрганилмоқда. Ҳозирча икки туманда шундай хатлов амалга оширилди, март ойи охирига қадар барча шаҳар ва туманларда оиласида нотинчлиги бор ёки жиноятчиликка мойиллиги мавжуд оилалар ўрганиб чиқилади. 

Умуман олганда, бу иш доимий эътиборда бўлиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик ҳисобда турган 711 нафар аёллар билан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили 2033 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, уларнинг муаммоси ҳал этилиб, 1008 та оила яраштирилди.

- Табиийки, қисқа суҳбат давомида оиладаги барча масалаларни қамраб ололмаймиз. Бугун оила хотиржамлигида энг асосий жиҳат сизнингча нимада?

- Киши қачон банд бўлиб, барқарор иш билан шуғулланса, оиласи фаровон бўлса, ўшанда ўзига нисбатан ишончи ортади, жараёнларга, кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туяди.

Қолаверса, бандлиги ортидан келган даромадига оиласини боқади, турмуши фаровон бўлади, орзу-ҳавасларига эришади. Жуда кўп оила аъзолари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг муаммоларини ўрганганимизда шу нарсага амин бўлдикки, изланган, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон хор бўлмас экан. Тақдир тақозоси билан турли қийин вазиятларга тушиб қолганда ҳам киши ўзлигини йўқотмай, яхшиликка интилиб яшар экан, уни қўлловчилар албатта топилади. Халқимизнинг топиб айтган бир мақоли бор: “Оила – қўш устунли айвон”. Яъни, оиланинг мустаҳкамлиги эр ва хотинга бирдай боғлиқ. Иккисининг интилиши, орзу-умидлари, саъй-ҳаракати, маънавияти уйғун келса бу оилани ҳеч қандай қийинчилик енга олмайди. Бу йўлда эса ҳар бир инсон ўзини тафтиш қилиши, ўз устида ишлаши, ҳаётини яхшилашга интилиши лозим.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.