Оила шунчаки турмуш эмас

"БОЛАМ ФАҚАТ ПЕЧЕНЬЕ ЕЙДИ"

Эрталаб нонуштага нима тановул қиласиз? Бу савол шахсий сўзлашувга ўхшаб кетади. Аммо… Унинг ижтимоий томонлари бор. Шу савол билан мурожаат қилганимизда кўпчиликдан "нон, чой, сариёғ, майиз, ёнғоқ (баъзида), ҳа, ана борингки, бир бўлак колбаса ёки пишлоқ", деган жавобни олдик. Бу катта сўров эмас, сўралганларнинг таниш-билишлари ҳам худди шундай нонушта қилишини эшитганимизда бу сўровнинг ҳам қиймати бор, деган тўхтамга келдик.

Яқинда Иштихон туманидаги қишлоқда оила, турмуш, соғлом овқатланиш масалалари бўйича ўрганиш ишларини олиб бордик. Ёш оналар билан суҳбатлашдик. Уларнинг қарийб барчаси фарзанди учун алоҳида таом тайёрламаслигини айтди. Бу ҳам янгилик эмас. Аммо қишлоқ жойда бўлса-да, фарзанди сут, қатиқ ичмаслигини айтганида мутахассислар бош чайқаб қўйди. Нонуштага фарзандингизга нима берасиз, деганимизда "нон, шакар чой", деган жавоб олдик.

Америкада истиқомат қилувчи бир танишим айтиб қолди. У ерга мамлакатимиздан эндигина борган ёш она соғлиқни сақлаш муассасасига бир ёшли фарзандини олиб борган экан. Шифокор ундан фарзандига қўшимча қандай озуқалар бераётганини сўраганда она "печенье", деб жавоб берибди. Шифокор бу ҳолатдан таажжубланиб, бу ёшда болага қанча витаминли озуқалар, бўтқалар берилиши кераклиги ҳақида онага обдон тушунча берибди.

Афсуски, бугун оналарга бу борада ўз вақтида, доимий равишда тавсиялар берилмайди. Тўғриси, патронаж ҳамшираларининг ўзлари ҳам соғлом овқатланишига шубҳамиз бор.

 

ЎЗИ ЭКИБ, ЎЗИ ЕМАЙДИ

– Овқат таркибида витаминлар ва микроэлементлар етишмовчилиги оналар ва болалар саломатлигига ҳамда инсоният келажаги учун катта хавф туғдиради, – дейди Республика гастроэнтерологлари ва нутрициологлари ассоциацияси Са­марқанд бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Сайдулло Расулов. – Ҳомиладор аёлларда микронутриентлар етишмовчилиги ҳомила ва чақалоқ учун "икки томонлама хавф" туғдиради. Туғруқ ёшидаги аёлларда дефицит ҳолатлар ҳомила ва туғруқ хасталиклари ривожланишига олиб келади. Йўлдош ор­қали онадан болага микронутриентларнинг кам ўтиши ва болани эмизиш даврида онада мавжуд витаминлар етишмовчилиги бола ривожланишига салбий таъсир кўрсатади ва унда ҳам микроэлементлар танқислигини чақиради. Натижада боланинг турли хасталикларга мойиллиги ва касалликка чалиниши ортади, бола ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан қабул қилинган хал­қаро ҳужжатларда оналар ва болалар ўртасида микронутриентлар танқислиги 30 фоиздан ортиқ тарқалган давлатларда бунинг олдини олиш учун тезкор тадбирлар ўтказиш тавсия этилган. Сўнгги йилларда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари шуни кўрсатмоқдаки, Зарафшон воҳасида мактаб ёшидаги болалар ўртасида ҳаёт учун энг зарур бўлган микроэлементлар (темир, рух, мис, кобальт, марганец) танқислиги 40 фоиздан 70 фоизгача учрайди.

Инсон саломатлиги учун энг зарур маҳсулот бу ўсимликлардир. Ўсимликлар таркиби витамин ва микроэлементларнинг табиий комплексидан иборат. Оилада мева-сабзавотлар, ёрмаларни ўз ўрни билан истеъмол қилиш маданияти шакллантирилиши лозим. Афсуски, санаб ўтадиган бўлсак, саноқли сабзавотларни ишлатамиз, қишлоқ ҳудудларида ёрмалардан жуда кам фойдаланилади.

Яқинда Булунғур туманидаги маҳаллалардан бирида бўлганимизда аҳоли асосан, турли сабзавот экинлари билан бирга қизил ловия ҳам экишини айтди. Лекин инсон организми учун фойдали элементларга бой бу неъматни умуман истеъмол қилмаганликларини айтишганида ҳайрон бўлдик.

Витаминлар танқислигини келтириб чиқармаслик учун нонуштага қайси маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим, тушликка-чи, кечки овқатга нима ейиш мақсадга мувофиқ? Бу бўйича бугун адабиётлар исталганича топилади. Аммо ушбу масалада қишлоқ ҳудудларида тиббиёт ходимларининг ўзлари биринчи нав­батда аҳоли учун намуна бўлишлари   лозим.

Қолаверса, бугун маҳаллалар, "Оила" марказлари қошида ёш оила мактаби, оила дорилфунунлари, қайноналар мактаби каби қатор тузилмалар ташкил этилган. Уларда насиҳатбозликдан кўра, оилада соғлом овқатланиш, гигиена масалалари ўртага ташланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

НОТЎFРИ ОВҚАТЛАНИШ ЎЛИМ КЎРСАТКИЧИНИ ОШИРАДИ

Афсуски, оилаларимизда болаликдан бошланган нотўғри овқатланиш қаригунимизга қадар давом этади. Кундалик рационимизда парҳезбоп таомлардан кўра, серёғ, хамирли таомлар кўпроқ. Ҳар қадамда учрайдиган ошхоналар орасида парҳезбоп таомлар тайёрланадиган тамаддихоналар бармоқ билан санарли. Табиийки, овқатланишимизнинг бундай усули саломатлигимизга таъсир кўрсатмай қолмайди.

Халқимиз овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 40 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 34 фоизини қон айланиш тизими касалликлари ривожланиши билан ўн йилдан ортиқ вақт хасталанганлар ташкил этади.

Вилоят эндокринология ва кардиология диспансерларида ортиқча вазн, қанд­ли диабет, юрак қон-томир касалликлар, камқонлик каби овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг статистик кўр­саткичлари Каттақўрғон шаҳар, Нуробод, Булунғур, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманларида йилдан-йилга ошиши кузатилмоқда. Демак, бу ҳудудларда аҳолининг тўғри овқатланиши бўйича ишлар етарли эмас.

Умумий ўлимнинг 60 фоизи юрак қон-томир касалликлари сабаблидир. Табиийки, бундай кўрсаткичлар давлат идораларига бўлаётган мурожаатларда ҳам ўз аксини топаётир. Биргина жорий йилда вилоят Халқ қабулхонасига тушган мурожаатларнинг 700 таси бевосита соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли экан.

Кўпчилик сифатли, соғлом овқатланиш катта маблағ талаб этади, деган фикрда. Аммо мутахассислар томорқадаги экинлар кўпайтирилса, муҳими, улар тўғри истеъмол қилинса, кўп муаммоларнинг олди олинади, деган фикрда.

 

Гулруҳ МЎМИНОВА,

"Зарафшон" мухбири