ОИТС – бу ҳаёт тугади дегани эмас!

ОИВ ва ОИТС нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо. Жамиятда бағрикенгликни ривожлантириш ва ушбу касаллик билан касалланган одамларнинг тегишли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш жуда муҳим.
ОИВ билан яшовчи шахслар жамиятда ўзларига нисбатан салбий муносабатда бўлиш, атрофдагилардан хавфсираш, яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари, қўшнилари улардан юз ўгиришидан (стигма, дискриминацияга учрашдан) қўрқадилар. Натижада беморлар ижтимоий тенгсизликдан қўрқиб, салбий муносабатлардан қочиш мақсадида тиббий ёрдамга мурожаат этмайди ёки касалликнинг кеч босқичларида шифокор ҳузурига келади.
Стигматизация ва дискриминация ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ҳамда у билан боғлиқ ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш йўлида жиддий тўсиқ бўлади.
Стигма ўзи нима?
Стигма бу (“ёрлиқ”, “тамға” маъносини англатади) - ўта кучли ижтимоий ёрлиқ бўлиб, атрофдаги инсонлар билан муносабатни ёмонлаштириб, ёмон сифатли инсон сифатида ўзига ишончини йўқотишига олиб келади.
Дискриминация нима?
Дискриминация (камситиш, ажратиш) атрофдаги инсонларнинг ОИВ билан яшовчи шахсга нисбатан салбий муносабатда бўлишини билдиради.
Кўпчиликда ОИВ билан яшовчи шахсдан хавфсираш, қўрқув ва салбий муносабат пайдо бўлади. Оқибатда беморларнинг ҳақоратланиши, жамиятда рад этилиши ва ижтимоий ҳаётдан четлатилишига сабаб бўлади.
Айрим инсонлар кимнингдир ОИВ билан хасталанганини эшитса, биринчи навбатда ўша одамни хавфли хулқ-атворга эга шахс деб ўйлашади. Оқибатда кишилар ОИВ инфекцияси билан яшовчиларга яқинлашишга қўрқишади. Стигма инсонга фақатгина ёқимсиз сифатни кўтариб юрувчидек қарашга мажбур қилади ва атрофдагилар билан мулоқотга киришишига ҳамда ўз-ўзини англашига таъсир кўрсатади.
Жамиятда стигма ва дискриминация кўплаб соҳаларда - соғлиқни сақлаш, таълим тизими, оила, иш жойи, савдо мажмуалари ва бошқаларда учраши мумкин.
Фақат ОИВ билан яшовчи инсонлар эмас, балки бошқа ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар (сил, гепатит С, саратон, ногирон ва ҳоказо) билан оғриган беморлар ҳам бошқа инсонлар каби қонунан ҳимояланган.
Одамлар ижтимоий норозиликдан қўрқиб, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ёки ОИВ учун тестдан ўтишдан қўрқишса, бу инфекция тарқалишини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилади.
Самарали таълим дастурлари касалликнинг юқиши ва олдини олиш ҳақида тўғри билим беради, қўрқув ва бошқа салбий ижтимоий жиҳатларни камайтиради.
Қолаверса, жамиятимиз ОИВ ва ОИТС муаммосига алоҳида эътибор қаратса, бу орқали унинг ҳар бир аъзосига инсонпарварлик, ғамхўрликни кўрсатади. Бу ҳар бир киши, шу жумладан, касаллик билан яшаётганлар учун янада қулайроқ ва инклюзив муҳит яратади.
Дилдора АҲМЕДОВА,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врач эпидемиологи.