Олим, педагог ва журналист Салимжон Хидирназаров 80 ёшда
Бу гулшан ичраким йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от.
Алишер Навоий.
Ҳазрат Навоийнинг юқоридаги фардида ифодаланган ғояни ўз умрининг мазмуни ва мақсади деб билган навоийшунос олим Салимжон Хидирназаров 1946 йилда Самарқанд шаҳрида зиёли оиласида дунёга келди. Отаси Муҳаммад Амин Хидирназаров шаҳар, вилоят ва республика миқёсида раҳбарлик лавозимларида ишлаган зиёли инсон эди. Бадиий адабиётга жуда қизиқарди.
Ана шундай адабий муҳит ёш Салимжонда бадиий адабиётга меҳр уйғотган эди. Етти ёшида Самарқанд шаҳридаги 5-умумий ўрта мактабига ўқишга кириб, 1964 йилда уни олтин медал билан тугатди.
Шу йилнинг ўзида Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетига ўқишга кириб, 1969 йилда уни имтиёзли диплом билан битирди. Университетдаги жўшқин адабий муҳит у ўқиган гуруҳ талабларига ижобий таъсир этмасдан қолмади.
Натижада бир гуруҳнинг ўзидан Омон Матжон, Мукаррама Ғаффорова, Хўжа Ҳайит, Бекмурод Йўлдошев, Абдушукур Чориев, Абдурашид Абдураҳмонов, Абдуҳамид Самиев сингари шоир ва олимлар етишиб чиқди.
Навоийшунос олим Салимжон Хидирназаров ҳам Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг ихтисослаштирилган илмий кенгашида академик Ботирхон Валихўжаев раҳбарлигида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.
Салимжон Хидирназаров Самарқанд шаҳридаги мактабларда она тили ва адабиётидан дарс берди. Узоқ муддат Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида ишлади. Бир неча йил Самарқанд вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институтида фаолият кўрсатди.
Навоийшунос олим, филология фанлари номзоди, халқ таълими аълочиси, меҳнат фахрийси Салимжон Хидирназаровнинг 2 та китоби, икки юздан ортиқ илмий, услубий, публицистик мақолалари чоп этилган.
Масалан, «Ёздаҳ имом мақбараси» китобида Самарқанд шаҳридаги Зоминий маҳалласида жойлашган, тарихи ва аниқ санаси маълум бўлмаган Ёздаҳ имом мақбарасининг XII асрга тегишли эканлиги қайроқтошлардаги арабча ёзувлар асосида исботлаб берилган.
У киши 10 та халқаро, 27 та республика илмий-услубий конференцияларда маърузалари билан қатнашган.
Ҳозирги пайтда пенсияда бўлишига қарамай, Салимжон Хидирназаров «Нуроний» жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимининг ишларида фаол қатнашиб келмоқда. Вақтли матбуотда мақолалари тез-тез чиқиб туради.
Толиб Жўраев.