Олис қишлоқдаги байрам нималигини билмаган аёлларга мактуб

БАЙРАМ.

Байрамни эмас, Россияга кетган фарзандини кутаётган ОНА — Байрам муборак бўлсин!

40 йил қишлоғига сув келишини кутавериб чарчамаган, елкалари ўтин ташиб оғримаган, аммо қадди 40 га кирмай турмуш юкларидан мунғайиб қолган, ЯНГАМ — Байраминг муборак бўлсин!

Ширин сўз-у, гулдасталарни эмас, оддийгина орзуни: турмуш ўртоғининг уйига ичмай келишини, бир кунгина бўлса-да ҳақорат эшитмаслигини истаётган Эй узоқдаги ТЕНГДОШИМ — Байраминг муборак бўлсин!

Ўзи учун эмас, фақатгина фарзандлари учун яшаётган, оёғидаги йиртиқ калишини ҳам янгисига алмаштиришга имкони йўқ, аммо ҳаётидан ҳеч нолимаган соддагина ОПАМ —Байраминг муборак бўлсин!

Бир вақтлар катта–катта орзулар қилган, лекин бугун укалари учун барчасидан кечиб, эгатлардан келажак излаётган СИНГЛИМ . Байраминг муборак бўлсин!

Мен журналист бўлиб, компьютер қаршисидан туриб, иссиқ қаҳвани ташлаб сени кўргани олис қишлоққа боролмадим. Аммо ҳудди мен каби цивилизация ҳам боришга эринаётган, ўша сен яшаётган қишлоқлар шу байрам куни кўз олдимдан ўтди.

Эҳтимол сен шундай байрам борлигини эшитмагансан...

Телеэкранга ярашмаган, тантанали байрамларда кўринмаган, умрида совға-салом олмаган, қишлоқдаги кулбасидан нарини кўрмаган эй АЁЛ, сенга ҳам шу байрам қутлуғ бўлсин!

Бир бешикда, бир кийимда 5 фарзандни катта қилган. Оддий шароит “свет”, газ йўқлигидан нолимаган, ўтин орқалаб елкалари оғримаган, бу ҳаётидан бировга арз қилмаган, шаҳарликлар ваъда берган шароитга умид ҳам қилмаган аёл, сенга ҳам байраминг муборак бўлсин!

Эҳтимол аёл бўлиб бир бора турмуш ўртоғингдан гул олмагансан, қадоқ босган қўлларингга крем суртмагансан, аёл бўлиб, балки ҳали янги атлас кўйлак ҳам киймагандирсан, сенинг ҳам байраминг қутлуғ бўлсин!

Бир кун сен кутган шароит ўша қишлоқларга етиб борар...

ТВда айтилган гаплар турмушингни енгиллатганмикан ҳайронман, байрам куни чалинган қарсаклар сабаб, дастурхонингга тансиқ таом текканмикан? Умрида тўкин-сочин дастурхон қаршисига ўтирмаганингга балки бизнинг ҳам айбимиз бордир... Ахир безанган, гул-гул ёнаётган, кунда кунаро экранларда кўриниш бериш, радиоларда оғиз кўпиртириб гапиришни, суратлари газета-журналларда ҳар ой кўринишини одат қилганларга биз қалам аҳли ҳам кўпроқ эътибор берамизу аммо не учундир сенинг дарди ташвишларингдан йироқмиз.

Эй байрам нелигини билмай ўтаётган қишлоқ аёли, айёминг билан қутлашга бугун ижозат бер. Бир кун шу байрамлар сенинг хонадонингга ҳам кириб борар...

Сен ҳақингда ва сени ҳақингга минбарлардан туриб баландпарвоз табрик йўллайдиганлар кўп. Сени оғир турмушингни енгиллаштираман, деб ваъда берувчилар анча. У аёллар сочларини ишириб, башанг кийиниб, минбарга чиқиб сўзлаганлари, охири кўринмас ваъдалари учун совға-саломларини олиб улгирди. Сенга-чи, Сенга бугун байрамлигини кимдир эслатганмикан? Сени соғинтирган, тирикчилик учун хорижга кетган фарзандинг сенга қўнғироқ қилдимикан?

Аслида сен учун узоқ юртларда ишлаб юрган фарзандинг қўнғироқ қилиб, сени эслаган кун ҳақиқий байрам эмасми?..

Ўчоқ боши, молхона, қўни-қўшни уйидан нарига ўтганмисан? Умрингда бир бор шаҳарга келганмисан? Эй, оғир ҳаётидан бир бора ҳам таъна қилмаган қишлоқнинг содда аёли - сени байрам билан табриклашга ижозат бер.

Шўрланган ерлар шамоли нафис юзларингни-да шўралатган эй аёл! Умрингда салонларга борганмисан, ё бир аёл бўлиб, ётиб даъво олганмисан, ё шўр босмаган чучук сув ичганмисан? Эй Мўйноқ даласида бир туп кўчат эккан аёл, байраминг билан қутлашга ижозат бер. Бир кун сен яшаётган қишлоқлар ҳам обод бўлар...

Бошида униққан эски рўмол, оёғида йиртиқ калиш бўлса-да, қизига сеп йиғишдан чарчамаган ўзбек аёли умрингда нишонламаган байраминг сенга қутлуғ бўлсин!

Эридан бир ширин сўз эшитмаган. Эри ичмай, йиқилмай келиб, уни урмаган кунни байрам қилган ожиза аёл сенга-да байрам муборак бўлсин!

Мардикор бозорига чиқмаган, Туркияга, Россияга иш излаб боришга-да соддалик қилган қишлоқ аёли, сенга ҳам бугунги байрам муборак бўлсин!

40 йилдан бери қишлоғига сув келишини кутиб, ҳар тонг оиласига бели оғриб сув ташиган. Ўчоқларда сув иситиб, кир чайган. Шу ҳолидан бир бора ҳам нолимаган эй мунис аёл - сенга ҳам байраминг муборак бўлсин!

Ишон, бугун мамлакат катта ишлар, катта ислоҳотлар бошида турибди. Камбағалликни тугатиш йўлидамиз. Ҳали барчаси ортда қолажак.

Ҳозирча эса сенга менинг бир репортаж қарзим бор, кимнидир “свет”, кимдир газ, яна кимдир фаровон ҳаёт қарзи бор сендан. Қарзларни ҳануз узмаган бўлсак-да, шу кунларда сени ёдга олишга, ижозат бер. Байраминг қутлуғ бўлсин!!!

Анора Содиқова, ЎзА.