8 март куни аёл кишининг икки автомобили ёқиб юборилгани юзасидан расмий маълумот берилди (видео)

Интернет тармоғида тарқаган иккита ёнаётган автомобиллар акс этган видеёзув тарқалди.

Пойтахт ИИББ ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, 8 март куни тахминан соат 05.30 да Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчасида 36 ёшли Камила И.га тегишли «Mercedes-Benz GLS300» ва «BMW X5» автомобилларига қасддан ўт қўйилган. Зарар миқдори тахминан 225 000 АҚШ долларини ташкил этди.

Ҳозирги вақтда тергов олиб борилмоқда, ҳодиса тафсилотлари ўрганилиб, ўт қўйган кишининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда, жабрланувчи ва гувоҳлар сўроқ қилинмоқда.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси иккинчи қисми “в” бандига (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) мувофиқ жиноий иш қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби ҳолатларда қонунчилик томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазолар белгиланиши кўзда тутилган.