Она – мўътабар, аёл - муҳтарам

Бойчечак бўй кўрсатиб, юракларда баҳор завқи кечаётган, яшариш, янгиланиш фаслининг илк кунларида 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунининг нишонланишида ўзига хос рамз бордай. Аёлда ҳам табиатан яратувчанлик мужассам. У шу хусусиятлари билан оиласини яшнатади, жамият ривожига ҳисса қўшади.

Жорий йилда мазкур байрам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари вилоятимизда ҳам юксак тайёргарлик билан нишонланмоқда. Баҳор кириб келиши биланоқ ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун байрам тадбирлари, концерт дастурлари намойиш этилди, кекса онахонлар ҳолидан хабар олинди.

Самарқанднинг фаол хотин-қизлари, фахрий онахонлар, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган байрам тантаналарида вилоят хотин-қизларига эҳтиром кўрсатилди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, йиғилганларни, уларнинг тимсолида вилоятнинг барча хотин-қизларини байрам билан қутлаб, илиқ тилакларини билдирди.

-Аёл сиймосида аввало, меҳрибон она, мунис опа-сингиллар, жажжи қизларимиз кўз олдимизга келади, - деди вилоят ҳокими ўз сўзида. - Ҳаётимизни опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугун вилоятда саноат, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, савдо, халқ таълими, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда жами беш минг нафарга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2 нафар вилоят кенгашига 22 нафар, туман, шаҳар кенгашларига 130 нафар аёллар депутат бўлиб сайланди. Каттақўрғон шаҳрига Г.Алимованинг ҳоким этиб тайинланиши ҳам жамиятимизда аёлнинг мавқеини кўтаришга қаратилган эътибор натижасидир.

Аммо аёлни ҳимоя қилиш, зарур бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш ҳам бизнинг олдимиздаги энг муҳим масалалардан биридир. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир аҳволга тушиб қолган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳар томонлама тўкис, бахтли ҳаёт кечиришига етарли шарт-шароитлар яратиш, оила пойдеворини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор ишлар олиб бориляпти.

Байрам тадбирида турли жабҳаларда фаолият юритаётган, ўз меҳнати, истеъдоди, қобилияти билан жамиятда муносиб ўрнига эга бир гуруҳ аёлларга эҳтиром кўрсатилди.

- Нуробод туманининг “Каттақўрғон” ширкат хўжалигида чўпонман, - дейди вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиғи билан тақдирланган Моҳиба Бердиёрова. – Қулоққа бироз ғалати эшитилади. Аммо турмуш ўртоғим вафот этгач, фарзандларимнинг камоли учун у кишининг ишларини давом эттирдим. 10 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланаман. 5 нафар фарзандимни ҳалол меҳнат қилиб тарбияладим. Шундай йиллар бўлдики, 3 минг даста ёнтоқни қишга ғамлаш учун ўзим дасталадим. Мана меҳнатларимнинг роҳатини кўриб, қалбим фахрга тўлди.

Шунингдек, вилоятимизда бир гуруҳ аёллар  “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

- 37 йилдан буён болаларга инглиз тилидан сабоқ бераман, - дейди Ургут тиббиёт коллежи инглиз тили фани ўқитувчиси Сайёра Ботирова. – Бугун вилоятимизнинг фаол аёллари сифатида эътироф этилганимдан хурсандман. Бу бизни янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга, малакали кадрлар тайёрлашга, уларни жамиятнинг фаол аъзоси қилиб тарбиялашга даъват этади.

Элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг чиқишлари даврага янада кўтаринки руҳ бағишлади. Аёлларимиз юзидаги табассум, қувонч уларнинг бу кунларга шукроналиги белгиси эди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.