Олий таълим муассасаларига оид халқаро семинар: 22 давлатдан 79 нафар эксперт - Самарқандда

"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида университетларнинг учинчи миссияси доирасида “Ҳамкорликда давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ҳиссаси” мавзусида халқаро семинар бошланди.

Эрасмус+ миллий офиси, OBREAL каби Европанинг бир қатор олий таълим соҳасига оид ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган семинарда 22 давлатдан 79 нафар эксперт иштирок этмоқда.

- Тадбир университетларнинг маҳаллий экотизимларга қўшаётган ҳиссаси ҳамда кенгроқ ривожланишни ўрганишга қаратилган, - деди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети бўлим бошлиғи Сардор Самариддинов. - Университетлар жамият эҳтиёжларини қондиришга қандай ҳисса қўшаётганини ўрганади ва бу ҳиссалар муайян контекстларга қанчалик мослаштирилганлигини баҳолайди. Бундан ташқари, семинарда таълим ва таълим инновациялари, рақамлаштириш, ахборотлаштириш ва умрбод таълимни таъминлаш каби асосий мавзулар орқали университетларнинг таъсирини максимал даражада ошириш стратегиялари ўрганилади.

Семинарда олий таълим ислоҳоти бўйича иштирок этувчи экспертларга ўз институтлари ва мамлакатларидаги ишларни, уларнинг ютуқ ва муаммолари билан бўлишиш имкониятини беради. Шунингдек, Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ушбу тадбирда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ҳам эътибор қаратилади.