Ўн икки тилда миллий контент тайёрлайдиган марказ очилди
Қаерда дейсизми? Албатта, бу Самарқандда. Аниқроғи, Самарқанд давлат чет тиллар институтида.
Дарҳақиқат, шундай. Юртимизда тиллар, маданият ва ахборот маконини уйғунлаштирган навбатдаги муҳим лойиҳа — ўн икки тилда миллий контент тайёрлайдиган “Медиа-марказ” ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда мазкур олий таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, шунингдек, институтнинг халқаро журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар ушбу медиа-марказнинг очилиш маросимида иштирок этди. Яратилган шарт-шароитлар, техник имкониятлар ва режалар иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
Тадбир аввалида меҳмонлар медиа-марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Таъкидланганидек, эндиликда ушбу марказ нафақат талабалар учун амалий тажриба майдони, балки журналистлар, блогерлар ва барча ижодкорлар учун очиқ ижодий платформа вазифасини бажаради. Бу ерда тайёрланадиган контентлар миллий қадриятлар, тарихий мерос ва замонавий қарашларни ўзида мужассам этади.
Медиа-марказ замонавий студия ускуналари, аудио ва видеоёзув воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, бу олинаётган материалларнинг сифатли, тезкор ва оммабоп бўлишини таъминлайди. Марказга раҳбар этиб тажрибали журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Манноб Ибодуллаев тайинлангани ҳам эътиборга молик жиҳат сифатида қайд этилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев медиа-марказ фаолиятига омад тилаб, унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича қатор таклифлар билдирди. Хусусан, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси, Самарқанднинг тарихий обидалари ҳақида 12 тилда контентлар яратиш, шу орқали миллий меросни жаҳонга тарғиб этиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, марказда ижодкорлар билан жонли мулоқотлар уюштириш, уларнинг асарлари ва суҳбатларини видео ҳамда аудио шаклда оммалаштириш таклифи илгари сурилди.
Айни пайтда институтда халқаро журналистика йўналиши талабалари иштирокида “Янги Ренессанс” газетаси фаолияти йўлга қўйилгани, келгусида эса алоҳида радио ташкил этилиши режалаштирилгани таълим даргоҳида ижодга, сўз эркинлиги ва амалий журналистикага бўлган муносабат юксак эканидан далолат беради.
Талабалар иштирокида жаҳон халқлари тилларида аудиокитоблар тайёрлаш, Самарқандда ўтказилаётган нуфузли халқаро анжуманлар ҳақида ахборот ва видеолавҳалар яратиш, миллий контентни кенг аудиторияга етказиш ҳам медиа-марказ олдига қўйилган асосий вазифалардан ҳисобланади.
— Журналистика - фан, аммо уни амалиёт билан уйғунлаштирсанг, у ижодий кучга айланади, — деди Фармон Тошев талабалар билан мулоқотда. — Журналист завод ёки фабрика ишчиси эмас, у туну кун фикрлайди, изланади ва жамият учун муҳим хулосалар чиқаради. Шунинг учун ҳам бу соҳа машаққатли, аммо ўта завқли.
Пресс-тур давомида иштирокчилар институтда ташкил этилган “Регистратор офиси”, синхрон таржима лабораторияси, “Карьера маркази”, “Келажакка қадам маркази” ҳамда “Ситуацион марказ” фаолияти билан ҳам танишди. Хорижлик талабалар учун янгидан барпо этилган 48 ўринли хостелнинг рамзий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир якунида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров раислик қилди. Унда институт ректори Баҳодир Холиқов таълим муассасасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар хусусида атрофлича маълумот берди.
- Аввало, ушбу медиа-марказ нафақат журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, балки чет тилларни пухта эгаллаётган барча ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади, - деди ректор. - Зеро, замонавий дунёда тил билишнинг ўзи етарли эмас, энг муҳими, ўша тилда фикрлаш, таҳлил қилиш ва жаҳон аудиториясига мос контент яратишдир. Ана шу вазифани амалга оширишда мазкур медиа-марказ муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда институтимизда 60 нафардан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олмоқда, улар учун яратилган инфратузилма халқаро стандартларга мос равишда босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Янгидан фойдаланишга топширилган 48 ўринли хостел эса нафақат яшаш жойи, балки турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирувчи муҳит сифатида хизмат қилади.
Биз талабаларни фақат дарсхона доирасида эмас, балки ҳаётий, амалий муҳитда тарбиялашни мақсад қилганмиз. Демоқчиманки, медиа-марказ, синхрон таржима лабораторияси, карьер ва инновация марказлари айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бу ерда талабалар ўз билимларини амалиётда синаб кўради, хатолардан хулоса чиқаради ва мустақил ижод қилишни ўрганади.
Сўзининг якунида Баҳодир Холиқов журналистлар, блогерлар ва ижодкорларни институт билан ҳамкорликка чорлаб, медиа-марказ эшиклари барча ташаббускорлар учун очиқ эканини таъкидлади. Унинг айтишича, бундай ҳамкорлик ёш кадрларни тарбиялаш, миллий журналистика салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳусан Элтоев.