Онлайн тестларни ғирром топшираётган талабалар бор. Аммо бунинг олдини олса бўлади
(Университетнинг қаттиққўл ўқитувчиси билан суҳбат)
Талабалар бир пайтлар юрак ҳовучлаб кутадиган пайт, яъни сессия бошланди. Тўғри, бу йилги сессия, эҳтимол, мамлакат тарихида илк бор онлайн тарзда ўтказилаётгандир. Кўпчилик учун кутилмаган ва ҳеч қандай тайёргарликсиз бўлаётган ушбу билим ўлчовларини аниқлаш палласи қандай кечмоқда? Умуман, бу ҳақда олий даргоҳ ўқитувчиларининг фикри қанақа? Гўёки барчаси шаффоф ўтаётгандай тасаввур қолдираётган онлайн тест синовларини топшираётган талаба ғирромлик қилмаяпти, деб ким кафолат бера олади? Шу саволлар билан Самарқанд давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Шаҳноза ЭШНИЁЗОВАга мурожаат қилдик.
Иккинчи ярим йилликдаги сарҳисоб, яъни имтиҳонлар даври бошланди. Ўқиш пайтида ҳам фанларни яхши ўзлаштирмаган айрим талабаларнинг онлайн тестларни аълога топшираётгани ҳақида эшитиб қолаяпмиз. Нима деб ўйлайсиз, карантинда талабалар яхшироқ ўқий бошладими ёки...
Талабалар ўқимаяпти деб айтолмайман, сабаби, тизим шаклланди, вазифалар берилди ва айни пайтда ҳам топшириқларни электрон тарзда жўнатиш давом этмоқда. Табиийки, бу топшириқларни ўз вақтида бажармаётган талаба имтиҳонларни топшириш учун етарли асосга эга бўлмайди. Аммо талабалар орасида онлайн тест топшириқларни бажаришда ҳақиқатан ҳам ғирромлик йўлини танлаётганлари бор. Келинг, бунинг қандай амалга ошираётганларини айтиб, айни имтиҳон кунлари бундай “усуллар”нинг тарқалишига сабабчи бўлмайлик-да, айни чоғда ўқитувчидан талаб этиладиган вазифалар нима эканлигига тўхталайлик. Мисол учун, яқинда менинг талабаларим орасида шундай воқеа содир бўлди. Бир соат вақт бериладиган 100 га яқин тест саволларига ўн дақиқа ичида жавоб берган талабалар бўлди. Бу вақт ушбу тест саволларини ўқиб кўришга ҳам етмайди-ку! Мен шу тарзда тест топширган талабанинг ушбу имтиҳонини ҳисобга олмадим. Уларнинг тайёргарлик кўриши ҳамда фанни ўзлаштириши учун етарлича вақт ажратилганди. Шу каби ғирромлик билан имтиҳон топширган талабаларга қўнғироқ қилиб, улар билан оғзаки савол-жавоб қилишимни айтдим. Қолаверса, тест саволларига жавоб бериш учун маълум вақт ажратилди. Вақтни ўйлаб, қолаверса интернет тезлигини ўйлаган талаба ҳаяжонланиши, саволлар қаршисида довдираб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун улардан қўшимча тарзда, оғзаки савол-жавоб қилиб олишга келишдик. Тест топширилаётган фанлардан талабага бир нечта имконият берилди. Лекин мен қўшимча имконият берганда саволларни ўзгартирдим ёки бу имконият бир марта берилди.
Бу сиздан қўшимча меҳнат, қўшимча вақт ва куч талаб қилади...
Ҳа, тўғри! Лекин яхши ўқийдиган талаба ҳам, ўртача ўқийдиган талаба ҳам бир хил баҳо олиши адолатдан эмас-да. Кейинги сафар аълочи талаба шундай йўл тутишга қизиқиб қолиши, умуман ўқишдан ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Озгина меҳнат бу каби адолатсизликнинг олдини олади.
Тест имтиҳонлари, умуман, кейинги икки ой давомидаги ўқиш жараёни электрон тарзда амалга оширилди. Аммо барчада ҳам юқори интернет тезлигини таъминлаб берувчи қурилмалар йўқ. Айниқса, қишлоқ ҳудудларидан туриб масофавий таълим олган талабалар орасида бу масалада муаммолар бўлмадими?
Муаммолар бўлди, албатта. Баъзи талабалар қўнғироқ қилиб, интернет тезлиги пастлиги, модуль тизимига кира олмаётганлигидан шикоят қилди. Баъзилар “мегабайт” сотиб олишга молиявий жиҳатдан қурби етмаётганини ҳам айтди. Уларни тўғри тушунаман. Яшириб нима қилдик, ҳатто шаҳарнинг баъзи ҳудудларида ҳам интернет тезлиги юқори бўлмаган пайтда қишлоқ жойларидаги талабалар учун бу табиийки, қийинчилик туғдирди. Аммо уларни тушунишга ҳаракат қилдик. Шхсан мен талабаларимнинг барчаси билан алоқани йўлга қўйиб олдим. Юқоридаги каби интернет учун маблағи етарли бўлмаган болаларга нисбатан камроқ мегабайт сарфланадиган телеграм каналлари орқали топшириқлар бердим ва уларнинг ижросини талаб қилдим. Шу ўринда айтишим керакки, шаҳарда, юқори интернет тезликдаги гаджетлари бор талабадан кўра кези келганда алоқа излаб юрган қишлоқ талабаси топшириқларга масъулиятлироқ ёндашган ҳолатларга гувоҳ бўлдим.
Айтмоқчисизки, излаган имкон топади...
Албатта, шундай. Аммо излаган имкон топади, дея шунчаки томошабин бўлиб ўтириш ҳам ярамайди. Масофавий таълим ўқитувчини кўпроқ изланишга, талабага билим беришда яна қандай усулларни масофадан туриб қўллаш мумкин, деган саволлар устида кўпроқ бош қотиришга ундади.
Айнан шу ҳақда сўрамоқчи эдим. Масофавий таълим ўқитувчига нима берди? Талабага-чи?
Модуль тизимига ўтиб ишлаш ҳақида уч йилдан буён гап бўларди, аммо буни амалда қўллаш у ёки бу сабабларга кўра пайсалга солиб келинарди. Карантин чекловлари оқибатида модуль тизимига жуда қисқа фурсатларда ўтдик. Онлайн конференция орқали талабаларга маъруза ҳам ўтдик. Бунинг барчаси янгича формат, технологиялар билан боғлиқ. Масофавий дарс ўтишнинг нозикликлари, камчилигу, ютуқларини бошимиздан ўтказдик. Уни яхшилаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида бош қотира бошладик. Пандемия тугаб, яна аввалги дарс тизимига ўтармиз, аммо тажриба ўзимизда қолади. Таълим тизимида эндиликда янаям кўп ўзгаришлар, олға силжишлар бўлади, деб ўйлайман. Ушбу тажрибамиз бу вақт давомида албатта асқотади.
Сизни талабаларингиз “қаттиқўл домла” деб айтишади. Талабчанлигингиз сизга панд бермаганми?
Аксинча! Жуда кўп талабалар, баъзилар айнан ўқиш пайтида, баъзилари эса ўқишни тугатиб кетгач, бир неча йиллардан кейин келиб раҳмат айтиб кетган ҳолатлар кўп бўлган. Шогирдларимнинг 5 нафари аллақачон фан доктори даражасига етган. Мен талабанинг олий даргоҳни тугатиб, ўзининг махсус фанидан яхши билим олмай кетишини ўзимга қабул қила олмайман. Ўз қоидаларим, принципларим бор ва улар педагогиканинг асл қоидалари билан ҳамоҳангдир.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.