Ўқ томирдаги сўз

Кўпчилигимиз ёшлигимизда бир қўлимизда қурол деб хаёл қилган нарсамиз ва иккинчи қўлимизда чўп (ёхуд таёқ)нинг учига боғлаб қўйилган бир парча мато билан “жангга” кирганмиз. Қуролимизни "душман" тортиб олса ҳам, қўлимиздаги "байроғимиз"ни бермаслик учун ҳар қандай азобга (бу баъзан ҳақиқатдан ҳам жисмоний азоб бўлган) тайёр бўлганмиз...
Болалик хотиралари юрагимизни жунбушга келтираётган бир пайтда, ўша вақтда билмаганимиз (баъзиларимиз балки билгандирмиз ҳам) Нажмиддин Кубро ҳақидаги ривоятни эслаймиз. Улуғ аждодимизга тақлид қилганимиздан фахр ҳис қилаётган бўлсак ҳам ажабмас. Нега? Саволга ҳаммамиз ҳар турли жавоб беришимиз мумкин. Аммо унинг мағзида, ўқ томирида битта сўз бор – ВАТАН ва унга бўлган муҳаббат!
Бу муҳаббат қачон пайдо бўлган? Қўшнимиз товуғини қувиб юбориб, ҳовлимиз дахлсизлигини таъминлаганимиздами? Синглимизни йиғлатган қўшни боланинг бурнини ерга ишқалаб қўйганимиздами? Маҳалламизга келган нотаниш кимсанинг мақсад-муддаосига қизиққанимиздами? Ёки борган жойимизда “Қаердансан? Кимнинг боласисан?” деб сўрашганида манзилимизни айтиб, “фалончининг ўғли бўламан” деганимиздами? Ватан ичидаги Ватанимиздан фахрланиш туйганимиздами?..
Бу фахрнинг сарҳадлари Ватан ҳақида кенгроқ ва кўпроқ ўйлаган сари кенгаяверади. Уни ифода этмоққа сўз ахтарамиз, куй ахтарамиз. Лекин топганларимизнинг ҳеч бири Ватан байроғига боқиб турганчалик ҳаловат бермайди. Унда сиз борсиз, унда мен борман, унда биз бормиз. Унда Ўзбекистон бор! Уни севамиз, уни қизғанамиз. Шунинг учун ҳам болаликда англаб-англамай байроқ деб билганимизни ҳеч кимга бериб қўйишни истамаганмиз. Шунинг учун ҳам жаҳон ареналарида Ватанимиз байроғини кўрганимизда энтикиб, кўзларимизда севинч ёшлари милтиллаган. Шунинг учун ҳам мурғаккина фарзандимиз “Мен катта бўлсам, ҳарбий бўламан”, деганида бошини силаб қўямиз, кўнглимизда ҳилпираётган байроқнинг болаларимиз юрагига ҳам тикилганидан қувонамиз. Шунинг учун ҳам...
Йўқ, бўлди, бошқа ёзмайман. Ёзаётганларим назарингизда баландпарвоз гапларга ўхшаб кетаяпти. Ортиқча ёзиб, энсангизни қотиргим йўқ. Яхшиси, фарзандларингизни олиб, пойтахт ёки вилоят марказларида, тегишли идоралар олдида қадр ростлаб, ҳилпираб турган Ватанимиз байроғи қошига боринг. Унга боқинг, тикилинг, токи Нажмиддин Кубролар нима учун уни бунчалик яхши кўрганини ҳис қилгунингизча, тикилинг. Сўнг ҳис қилганларингизни фарзандларингизга айтиб беринг. Агар бунга ҳожат йўқ десангиз, қалбингизда ҳилпираётган байроқ муборак!
Аслиддин МУСТАФОЕВ.