Оқдарёда ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходим вазифасига тикланди

Оқдарё туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида омбор мудири вазифасида ишлаган А.Мирзаев ишдан бўшатилгач, туман адлия бўлимига мурожаат қилган. Ўрганиш давомида унинг ишдан ноқонуний бўшатилгани, бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Бу ҳақда таҳририятга вилоят адлия бошқармаси хабар бермоқда.

Мазкур муассасага ходим жорий йил бошида 1 ставка асосида ишга қабул қилинган. Аммо 25 апрелда фуқаронинг соғлиғи рўкач қилиниб, ўз аризасига асосан ишдан кетиши талаб қилинган ва шу куниёқ эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 99-моддаси қўлланилган ҳолда ишдан ҳайдалган.

Муассаса раҳбари бу хатти-ҳаракати билан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган. Боиси, ўша пайтда амалда бўлган эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга, огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақлилиги ҳамда иш берувчи ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шартлиги белгиланган.

Қолаверса, касб-ҳунар мактаби директори эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 108-моддаси талабларини бузган ҳолда А.Мирзаевга меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ билан таништирмаган.

Оқдарё туман адлия бўлими мурожаатни ўрганиб, муассасага тегишли тақдимнома киритгач, шу йилнинг 25 майидан А.Мирзаев ўз ишига тикланди.