«Оқдарё»да ПРОлигада тўп суриш имконияти бор

Самарқанд шаҳридаги «Динамо» марказий ўйингоҳида вилоят футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган вилоят чемпионатининг финал учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Оқдарёнинг «Оқдарё» ҳамда Каттақўрғон шаҳрининг «Дўстлик-К» футбол жамоалари ўзаро тўп суришди. Ўйиннинг асосий вақти дуранг (1:1) билан якунланди. Сўнгра ғолиб жамоа пенальтилар сериясида аниқланди. Яъни, оқдарёлик футболчилар рақиблари устидан ғалаба қозониб, 2019 йилги вилоят чемпионлигини қўлга киритди. Энди «Оқдарё» жамоаси 2020 йили Ўзбекистон чемпионатининг ПРОлигасида тўп суриш имкониятини берувчи «пулька» - ўтиш турнирида иштирок этадиган бўлди. Шунингдек, «Дўстлик-К» ҳам вилоят кубоги соҳиби сифатида мазкур турнирда иштирок этади.

Учрашувдан сўнг вилоят футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган вилоят кубоги, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда болалар лигаси ғолибларини тақдирлаш маросимида футбол фахрийси, таниқли сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ахбор Имомхўжаев иштирок этди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.