Оқдарёда томорқачиликда нима ўзгариш бўлади, туман тиббиётида-чи?
Бугунги кунда тумандаги 35 та маҳаллада 35 мингдан ортиқ томорқага эга хонадон бўлиб, уларда асосан паррандачилик, иссиқхона, сабзавотчилик, ҳунармандчилик ҳамда қўй ва қорамол боқиш йўналишлари ташкил этилган.
- Томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида маҳаллаларда ташкил этилган еттилик тавсияси асосида 910 нафар ижтимоий ҳимоя муҳтож, турли дафтарларда рўйхатда турган, ёшлар танлаб олинди, - дейди туман ҳокими Шерзод Қудратов. - Уларнинг ҳар бирига фермерлар билан келишган ҳолда серҳосил, яхши суғориладиган ердан 30 сотихдан, жами 610 гектар ер майдони ажратилди. Шунингдек, мазкур ҳудудларда 7 та сув насоси ўрнатилди.
Ундан ташқари, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида 3 та экспортёр белгиланган. Жумладан, Примкент маҳалласи хонадонларида 123 гектар ер майдонига картошка, ловия ва помидор экиш режалаштирилган. Маҳаллага бириктирилган "Usman afroil" МЧЖ уларни кўчат билан таъминлайди. Шунингдек, мазкур корхонага 12 та маҳалладан 280 нафар ишсиз ёшлар бириктирилган бўлиб, уларга 757,6 гектар майдон ажратиб берилган.
Тумандаги Зарафшон, Янгиобод, Ойтамғали маҳаллаларида экспортёр “Янгиравот шабнами” МЧЖ бириктирилган бўлиб, маҳалладаги 1715 та хонадоннинг 112 гектар ер майдонига 4 миллион 480 минг туп помидор кўчати етказиб беради. Маҳсулот етилгунига қадар ҳолат корхонанинг агрономи назоратида бўлади. Ушбу маҳаллалардаги томорқаларда етиштирилган 7 минг тоннадан зиёд помидор етилгач, бозор нархларида сотиб олади.
Туман ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлдик. Бу ерда маъмурият, шошилинч тез ёрдам, катталар ва болалар бўлимларидаги қурилиш-таъмирлаш, янги тиббий асбоб-ускуналар билан танишдик.
- Ўтган йили бўлимимиз янги бинога кўчиб ўтди, - дейди тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез ёрдам бўлими мудири Дониёр Қурбонов. – Инвестиция маблағлари ҳисобидан ўрнатилган замонавий тиббий ускуналар беморларга шу ернинг ўзида ташхис қўймоқда.
Янги бинода 295 ўринли жарроҳлик, туғруқ, терапия ва болалар бўлимлари жойлашган бўлиб, турли касалликлар бўйича даволанмоқда. Бирлашмага 13 та энг сўнгги русумдаги рақамли асобоб-ускуналар келтириб ўрнатилгач, беморларни сарсон бўлиб, қўшни туман ёки вилоят марказига бориб тиббий кўрикдан ўтиб келишларига ҳожат қолмади.
- Жорий йилда 46 мингдан зиёд 40 ёшдан ошган ҳамюртларимизни скрининг, қарийб 20 минг нафар аёлларни онкологик текширувидан ўтказишни режалаштирганмиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари Азимжон Қиличев. – Шунингдек, 96 нафар беморда юқори технологик жарроҳликлар ўтказамиз. Бунинг учун хориждан келтирилган лапороскоп, лор-комбайн каби ўта ноёб асбоб-ускуналарга эга бўлдик. Иккита врачимиз уларни бошқариш учун малакасини ошириб келди. Эндиликда бемалол шу ернинг ўзида ўта қийин ҳисобланган операцияларни ҳам ўтказа оламиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.