Ўқитувчи ўз ютуғи билан эмас, ўқувчилари ютуғи билан фахрланади
Тойлоқ туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Дилдора Салимова инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро сертификатга эга.
Олий тоифали педагог 19 йиллик фаолияти давомида турли халқаро курсларда ўқиб, мунтазам ўз устида ишлаб келади.
- 150 дан ортиқ мамлакатда халқаро ўқитувчи сифатида ишлаш имкониятим бор, - дейди у. – Сабаби, дунё тан олган TESOL халқаро курсида ўқиганман. Бу курсда хорижлик педагоглар бизга дарс ўтган. Улардан кўплаб тажриба ва кўникмаларга эга бўлдим. Шунингдек, курс орқали республикамизнинг турли вилоятларидаги чет тили ўқитувчилари билан дўстлашдим, улар билан ҳозиргача ҳамкорлик қиламан. Бундан ташқари, Америка давлатида 3 ойдан 6 ойгача ўқиб келиш имконига эгаман. Айни пайтда ўқишга бориш тараддудидаман.
Дилдора Салимова дарсларни янгича усулда ўтади, ўқувчиларни инглиз тилига қизиқтира олади. Шунинг учун ҳам юқори синф ўқувчилари орасида инглиз тилидан IELST сертификатига эга ўқувчилар бор. Бундан ташқари, муаллиманинг ўзи ҳам дарсдан кейин ўқувчиларга қўшимча машғулотлар ўтади, уларни сертификат олиш учун тайёрлайди.
- Шогирдларим Япония, Жанубий Корея, Америка, Германия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида таҳсил оляпти. Бу мен учун шарафдир, - дейди у. – Ўқитувчи ўз ютуғи билан эмас, ўқувчилари ютуғи билан фахрланади. Ўқувчиларимдан ҳозирда "Ибрат мактаби" аъзоси Бобуржон Бахтиёров эришаётган ютуқлардан хурсандман. Бобуржон инглиз тилини ўрганишга қизиқиб, олдимга келганида иккинчи синф эди. У мактабни битиргунга қадар мендан дарс олди. Бир куни Бобуржон телефон қилиб: “Муаллима, мен Американинг Хопкинс университетига ўқишга кирдим, бу сизнинг ютуғингиз”, деди. Тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Аслида педагог учун бундан ортиқ бахт йўқ экан. Бобуржон IELTSдан 9 баллик сертификатга эга. Бундай натижа ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Унга ўқиши давомида ҳам маслаҳатлар бериб турдим. Бир куни у устоз ёзиш кўникмасидан балим кам, нима қилсам бўлади, деди. Мен унга одамлар билан кўпроқ суҳбатлаш, дедим. У ҳар хил касбдаги одамлар билан гаплашгач, ёзиш кўникмаси ўсганини айтиб, мендан миннатдор бўлди.
Ўқувчим Сардор Юсупов Тошкент шаҳридаги Вебстер университетида ўқиди. Ҳозирда Канадада магистратурани тугатди. У ҳам мактабда намунали ўқувчи эди, шунинг учун ўз орзуларига эришди. Шунингдек, бошқа соҳада ўқиса-да, мактабда инглиз тилини яхши ўқигани учун чет элларда таҳсил олаётган шогирдларим бор. Улар менга ўз ютуқлари, ҳаёти, ўқиши ҳақида видеолар жўнатиб туради. Мен ўқувчиларимга шогирдларим юборган видео лавҳаларни қўйиб бердим. Собиқ битирувчилар юборган видеолар болаларга мотивация берди, уларнинг ўқишга бўлган қизиқиши янада ортди.
Дилдора Салимованинг орзулари бир жаҳон. Унинг ҳаётга бўлган иштиёқидан руҳланган ўқувчилари ҳам инглиз тилини пухта ўрганиб, чет элларда ўқишни мақсад қилмоқда. Агар ҳақиқатда ўқитувчи билимли ва маҳоратли бўлса, ўқувчилар ўқув марказларига қўшимча дарсларга бормасдан ҳам ютуқларга эриша олар экан. Буни Тойлоқ туманидаги 14-мактаб ўқувчилари мисолида кўрдик.
- Ўтган ўқув йилида мактабни 31 нафар ўқувчи битирди, - дейди мактаб директори Замира Жабборова. – Улардан 28 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Ҳужжат топширган абитуриентларнинг 13 нафари, яъни чет тилидан сертификатга эга бўлганлари ўқишга кирди. Бу йил биз маррани янаям каттароқ оляпмиз, бунинг учун битирувчиларга барча шароитлар яратилган.
Тойлоқ туманида 61 та умумтаълим мактаби бўлса, уларнинг барчаси APro платформасига уланган. APro – бу аттестация, миллий сертификат ва УЗБМБ (ДТМ) имтиҳонларига профессионал тайёргарлик платформаси бўлиб, ўқувчилар ва ўқитувчилар ўз билимини текшириб боради. Ҳозирча ўқувчилар платформадаги тест саволларини ечиб, 100 баллдан 150 баллгача тўплаяпти. Насиб бўлса, бу йилги битирувчиларим яхшироқ натижани қўлга киритади, деган умиддаман.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.