Ўқитувчи видеодарсда йўл қўйган хатоси учун узр сўради
“Ватан туйғуси” фанидан 5-синф учун тасвирга олинган видеодарсда ўқитувчи хатоликка йўл қўйган. Ўқитувчи бу хатолик учун узр сўради. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби хабар қилди.
Ўқитувчи “Мустақиллик – аввало ҳуқуқ демакдир” мавзусини тушунтиришда Ўзбекистон НАТО ташкилотининг аъзоси деб юборган.
“Ўзбекистон НАТОнинг аъзоси эмас. Аммо мамлакатимиз мазкур ташкилот билан унинг бир неча дастурлари доирасида ҳамкорлик қилиб келади. Дарсни олиб борган ўқитувчи бу хатолик учун узр сўраган ҳолда кейинги видеодарсда бу ҳақида қўшимча маълумот беради”, дейилган хабарда.
Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги 4 апрель куни телевизион дарсларни суратга олиш лойиҳасига муҳаррир ва ўқитувчиларни ҳамкорликка чақирди. Бир неча соат ичида 250 дан зиёд мутахассис Вазирлик билан ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Кейинги ҳафтадан тасвирга олинаётган ва эфирга бериладиган дарслар мазмунини қўшимча назорат қилиш учун улар орасидан мутахассислар жалб этилади.