“Оққуш қўшиғи”: Самарқандда янги драма яратилди
Вилоят мусиқали драма театрида драматург Салоҳиддин Сирожиддинов қаламига мансуб “Оққуш қўшиғи” мусиқий-романтик драмасининг премьераси бўлиб ўтди.
Ушбу драма ёзувчи ва драматург Ўлмас Умарбековнинг ёрқин хотирасига бағишланади. Ўз ҳаёти учун курашаётган олижаноб бир инсон қалтис вазиятда ҳам ўзи каби бемор қизалоққа меҳр билан оталарча илтифот кўрсатади. Ўзи учун мавжуд бўлган яшаш имкони тақдим этилган операциядан воз кечиб, уни қизалоққа тақдим этади. Лекин ёзувчи ҳам яшашни, қизининг ёнига қайтишни жуда хоҳларди, аммо ундаги инсоний туйғуларнинг баландлиги бу имкониятдан фойдаланишга йўл қўймайди.
Ёзувчининг нақадар одамохун, кўнгли тоза шахс эканлиги спектакль мобайнида тўла очиб берилади. Ўлмас Умарбеков образи замонамизнинг асл фидойи қаҳрамони сифатида томошабинлар кўз ўнгида ёрқин гавдаланди.
“Оққуш қўшиғи” мусиқий-романтик драмаси профессор Баҳодир Назаров томонидан саҳналаштирилган. Асарда ҳар бир қаҳрамон ўз ролини астойдил ижро этиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.